Касаба уюшмаси фаоллари учун ўқув-семинарлар ташкил этилди

18.09.2026
Касаба уюшмаси фаоллари учун ўқув-семинарлар ташкил этилди
Касаба уюшмаси фаоллари учун ўқув-семинарлар ташкил этилди
Касаба уюшмаси фаоллари учун ўқув-семинарлар ташкил этилди
Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг 2026 йил 2-ярим йиллиги учун мўлжалланган иш режаси асосида жорий йилнинг 15-17 сентябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги соҳа корхоналари бошланғич касаба уюшмаси қўмиталари аъзолари, раислари ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар учун амалий ўқув-семинарлар ташкил этилди.

Ўқув-семинарларни ўтказишдан асосий мақсад — бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари фаолиятини янада самарали ташкил этиш, ходимларнинг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги билим ва кўникмаларни мустаҳкамлашдан иборат.

Семинарлар давомида иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги «Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасига оид айрим низомларни тасдиқлаш тўғрисида»ги 819-сон қарори ижроси юзасидан тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларининг Устав талаблари асосида ҳуқуқий фаолиятини ташкил этиш, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Семинарнинг муҳим йўналишларидан бири меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакилларнинг вазифалари, ҳуқуқлари ва кафолатларига бағишланди. Шу билан бирга, ишлаб чиқаришда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ҳамда ходимлар саломатлигининг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бошқа зарарланиш ҳолатларини текшириш ва ҳисобга олиш тартиби тушунтирилди.

Тадбирларда касаба уюшмаси ташкилотларида мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби, жамоатчилик назоратини амалга ошириш ва мониторинг олиб бориш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Семинарлар интерактив шаклда ўтказилиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволлар юзасидан мутахассислар томонидан батафсил тушунтиришлар берилди. Савол-жавоблар жараёнида амалиётда учраётган масалалар муҳокама қилиниб, тегишли тавсиялар берилди.

Бундай ўқув-семинарлар касаба уюшмаси фаолларининг касбий билимларини ошириш, бошланғич ташкилотлар фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Aсосий News Appeal Қўнғироқ
Aсосий Саҳифалар