Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси мулкчилик шаклидан қатъий назар ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация соҳасидаги корхона, муассаса, ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимлар ва таълим олаётган ўқувчи-талабаларнинг ишлаб чиқариш, касбий, ижтимоий-иқтисодий ва меҳнатга доир умумий манфаатларини ифода этиш ҳамда қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида тузилган, ўзини ўзи бошқарувчи нодавлат нотижорат ташкилоти бўлиб, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли Республика миқёсидаги жамоат бирлашмаси ҳисобланади.
Ўзбекистонда алоқа соҳаси ходимларининг касаба уюшмаси алоҳида жамоат бирлашмаси сифатида ўз фаолиятини 1968 йилдан бошлаган.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигига эришганидан сўнг тармоқ касаба уюшмалари фаолиятида ҳам тубдан янгиланиш ва тараққиёт даври бошланди. Мустақил Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмасининг Устави Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 1991 йилнинг 7 июнида рўйхатга олинган.
Тармоқ касаба уюшмаси ўзининг рамзига (белгисига) эга. Мазкур рамз Марказий қўмита Раёсатининг 1997 йил 5 февралдаги 10-12-рақамли қарори билан тасдиқланган ва 1997 йил 27 март куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган. Касаба уюшмаси фаолиятининг асосий тамойили ҳисобланган трипартизм, яъни “Касаба уюшмаси – давлат органлари – иш берувчилар”нинг ўзаро ҳамкорлиги ва ижтимоий шериклиги рамзда яққол ифодаланган.
Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмасининг 2015 йил 7 август куни ўтказилган VIII-Қурултойида янги таҳрирдаги Устав тасдиқланган ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2015 йил 21 сентябр куни 432-п-сон – рақам билан қайта рўйхатга олинган.
Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига аъзо ташкилот бўлиб кирган ҳамда ўз сафида Республика иқтисодиётининг ахборотлаштириш ва оммавий коммуникация соҳасида меҳнат қилаётган ходимларни бирлаштиради.