“IT”ЧИЛАР БУ САФАР КОД ЭМАС, ОЧКО ТЎПЛАДИ

07.04.2026
“IT”ЧИЛАР БУ САФАР КОД ЭМАС, ОЧКО ТЎПЛАДИ
Ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ташаббуси билан соҳа вакиллари ўртасида стол тенниси бўйича мусобақа ташкил этилди. Унда 20 га яқин корхона ва ташкилотдан қарийб 1000 нафар ходим қатнашди. Саралаш босқичларидан сўнг энг кучли 40 нафар спортчи Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган финал босқичида беллашди.

   Бутунжаҳон саломатлик куни муносабати билан уюштирилган ушбу турнир асосий вақтини компьютер қаршисида ўтказадиган мутахассислар учун нафақат спорт, балки ҳордиқ чиқариш, ўзаро мулоқот ва тажриба алмашиш майдонига айланди.

   – Мусобақа барчамиз учун айни муддао бўлди, – деди “Алоқабанк” АТ Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва ривожлантириш маркази менежери Севинч Нуриддинова. – Кундалик бир хил иш тартиби, компьютер ва мобил қурилмалар қаршисида узоқ вақт ўтириш бизни бироз толиқтирганди. Турнир эса ҳам кайфиятимизни кўтарди, ҳам бир-биримиз билан дилдан суҳбатлашишга имкон яратди. Энди янги куч ва ғайрат билан қайтадан ишга шўнғиймиз.

   Стол тенниси жисмоний ва руҳий саломатлик учун фойдали спорт турларидан бири ҳисобланади. У кўз ва қўл координациясини яхшилайди, юрак-қон томир тизимини мустаҳкамлайди ҳамда ортиқча калорияларни йўқотишга ёрдам беради. Бундан ташқари, тезкор фикрлашни ривожлантириб, стрессни камайтиради ва диққатни жамлаш қобилиятини оширади. Бинобарин  бундай тадбирлар ёш мутахассисларнинг иш самарадорлигини ошириш, уларни спортга кенг жалб этиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантиришга хизмат қилади.

   Мусобақа якунларига кўра, эркаклар ўртасида “IT билимларни ривожлантириш маркази” МЧЖ мутахассиси Абдурасулов Бобомурод ғолиб бўлди. Аёллар ўртасида эса ЎзМТРК “Ёшлар” ИБ АЖ бухгалтери Холида Раҳимова биринчи ўринни эгаллади.

    Ғолиблар ва иштирокчилар диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

 

Диёра РАВШАНОВА

“ISHONCH”

Aсосий News Appeal Қўнғироқ
Aсосий Саҳифалар