Унда кутубхона маркази мутахассислари ҳамда Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникациялар ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг меҳнат ҳуқуқи бўйича бош инспектори Абдувоҳид Мухторович Ахмедов иштирок этди.
Давра суҳбати давомида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, меҳнат қонунчилиги талабларига риоя этиш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, муносиб меҳнат шароитларини яратишда касаба уюшма ташкилотларининг ўрни ва аҳамияти каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Республика кенгаши бош инспектори Абдувоҳид Ахмедов меҳнат қонунчилигининг асосий қоидалари, ходимларга қонунчиликда белгиланган кафолатлар, иш берувчи ва ходим ўртасидаги меҳнат муносабатларини тартибга солиш масалалари юзасидан батафсил тушунтиришлар берди. Шунингдек, Меҳнат кодекси нормаларини амалиётда қўллаш, ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига оид масалалар юзасидан иштирокчиларнинг саволларига жавоб қайтарди.
Ўз навбатида, кутубхона мутахассислари ҳам меҳнат фаолияти жараёнида учраётган айрим масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари, таклиф ва тавсияларини билдирдилар.
Очиқ мулоқот руҳида ўтган давра суҳбати иштирокчиларга ўзаро фикр алмашиш, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш ҳамда меҳнат муносабатларида юзага келиши мумкин бўлган масалаларнинг ечими юзасидан зарур тушунчаларга эга бўлиш имконини берди.
Бундай учрашувлар ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда касаба уюшмаларининг ролини янада кучайтириш, шунингдек, ходимлар ва иш берувчилар ўртасида ижтимоий шериклик муносабатларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.