Алоқа барқарорлиги ортидаги заҳматли меҳнат

07.10.2026
Алоқа барқарорлиги ортидаги заҳматли меҳнат
Алоқа барқарорлиги ортидаги заҳматли меҳнат
Алоқа барқарорлиги ортидаги заҳматли меҳнат
Алоқа барқарорлиги ортидаги заҳматли меҳнат
Алоқа барқарорлиги ортидаги заҳматли меҳнат
Алоқа барқарорлиги ортидаги заҳматли меҳнат
Алоқа барқарорлиги ортидаги заҳматли меҳнат
Алоқа барқарорлиги ортидаги заҳматли меҳнат
Алоқа барқарорлиги ортидаги заҳматли меҳнат
Алоқа барқарорлиги ортидаги заҳматли меҳнат
Куни кеча «Ўзбектелеком» акциядорлик компаниясининг Марказий филиалида «Мобил тармоқнинг энг яхши техник бригадаси» танловининг республика босқичи бўлиб ўтди. Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва оммавий коммуникациялар ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган беллашувда ҳудудий босқичларда сараланган энг кучли бригадалар иштирок этди.

Олти ҳудудий филиалдан сараланган, ҳар бири тўрт нафардан иборат жамоалар икки босқичда назарий ва амалий синовларда куч синашди. Тестдан ташқари, иштирокчилар уяли алоқа база станцияси сектор ва RRU қурилмаларини ўрнатиш, телекоммуникация ускуналарини монтаж қилиш, кабелларни тартибга келтириш, станцияни ишга тушириш ва тестдан ўтказиш каби вазифаларни бажарди.

Танловда вазифаларни қанчалик тез бажаришдан кўра, ишнинг сифати, аниқлиги ва хавфсизлигига устувор аҳамият берилди. Зеро, техник ходимнинг ҳар бир қарори мобил тармоқнинг барқарор ишлашига бевосита таъсир қилади. Нотўғри монтаж ёки эҳтиётсиз ҳаракат эса ускуналар ишида носозлик ва алоқа узилишларига сабаб бўлиши мумкин.Шу боис меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги талабларига риоя қилиш ҳам баҳолашнинг муҳим мезонларидан бири бўлди. Танлов жараёни мутахассислардан нафақат тезкорлик, балки аниқлик, масъулият ва юксак касбий маҳоратини талаб қилди.

— Барча бригадалар учун бир хил шароит яратилган. Бир хил технология ва конфигурациядан фойдаланилди. Иштирокчиларнинг монтаж ишларига тайёргарлигидан тортиб, қурилмаларни ўрнатиши ва базавий станцияни ишга туширишигача бўлган жараёнлар аниқ мезонлар асосида баҳоланди, — дейди танлов ҳакамларидан бири, «Ўзбектелеком» АК етакчи муҳандиси Икром Шокиров.

Бухоро вилоятидан келган бригада аъзоси Улуғбек Қурбонов соҳада 10 йилдан буён меҳнат қилиб келмоқда. Тошкент ахборот технологиялари университети битирувчиси бўлган мутахассис бугун ҳудудда алоқа хизматларининг барқарор ишлашини таъминлаш, қамровни кенгайтириш ва базавий станцияларни замонавий технологиялар асосида янгилаш ишларида фаол иштирок этмоқда. Унинг меҳнат фаолияти алоқа соҳасида тажриба, масъулият ва замонавий билим уйғунлиги муҳим эканини кўрсатади.

–Касбимиз масъулият ва машаққатни талаб қилади. Айниқса, қишнинг совуқ кунларида баландликда ишлашда эҳтиёткорлик ва касбий маҳорат муҳим. Базавий станциядаги кичик носозлик ҳам бутун бир ҳудудда алоқа хизматларининг вақтинча узилишига сабаб бўлиши мумкин. Авария юзага келганда бригада қисқа вақт ичида ҳодиса жойига етиб бориб, носозликни аниқлайди ва бартараф этади. Айрим ҳолларда бу ишлар икки соатгача давом этади. Чунки ортимизда бутун бир ҳудуд аҳолисининг алоқага бўлган эҳтиёжи турибди, — дейди у.

Алоқачиларнинг меҳнати ижтимоий жиҳатдан ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Касаба уюшмаси аъзолари санаторий йўлланмаларидан фойдаланмоқда, фарзандлари болалар оромгоҳларида дам олиш имкониятига эга. Чекка ҳудудлардаги базавий станцияларга хизмат кўрсатувчи мутахассислар махсус автотранспорт, иш кийимлари ва зарур меҳнат воситалари билан таъминланмоқда.

Аслида, бу каби танловлардан асосий мақсад қайси жамоанинг  биринчи ўринни эгаллаганида эмас. Энг муҳими ҳар куни миллионлаб одамлар фойдаланаётган алоқа хизматларининг узлуксиз ва сифатли ишлаши ортида турган мутахассислар меҳнатига эътибор қаратилганидир. Рақамлашган даврда алоқа оддий хизмат эмас. У таълим, тиббиёт, бизнес, давлат хизматлари, меҳнат жараёнлари ва инсонлар ўртасидаги мулоқотни бир-бирига боғлаб турувчи муҳим инфратузилма ҳисобланади.Бу инфратузилманинг барқарор ва сифатли ишлашида замонавий технологиялар, серверлар ҳамда антенналар билан бир қаторда, малакали мутахассисларнинг меҳнати ҳам муҳим аҳамият касб этади. Технологиялар қанчалик ривожланмасин, уларнинг самарали ишлаши, аввало, инсон омилига, мутахассисларнинг билими, тажрибаси ва масъулиятига боғлиқ.

Танлов ана шу меҳнатни эътироф этиш, тажриба алмашиш ва соҳа ходимларининг касбий салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда. Иштирокчилар учун ташкил этилган Ислом цивилизацияси марказига ташриф эса тадбирнинг маданий-маърифий қисмини бойитди.

Якуний натижаларга кўра, биринчи ўринни Марказий филиал, иккинчи ўринни Ғарбий филиал, учинчи ўринни Жанубий филиал жамоаси эгаллади. Марказий филиал шарафини тўрт нафар мутахассис ҳимоя қилди.

— Танловда тўрт нафар иштирокчи бир жамоа бўлиб ҳаракат қилдик. Ҳар бир босқичда бир-биримизни қўллаб-қувватлаб, вазифаларни аниқ ва сифатли бажаришга ҳаракат қилдик. Биринчи ўринни қўлга киритганимиздан жуда хурсандмиз. Бу, аввало, жамоавий меҳнатимиз самараси. Бундай танловлар касбий билимларимизни мустаҳкамлаш ва тажрибамизни ошириш учун катта мактаб бўлди, — дейди Марказий филиал ходими Зуҳриддин Ботиров.

Ғолиб жамоалар ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Танлов эса иштирокчилар учун касбий маҳоратини намойиш этиш, тажриба орттириш ва соҳадаги масъулиятни яна бир бор ҳис этиш имкони бўлди.

Феруза РАҲИМОВА,
Қувонч ТЎРАЕВ

“ISHONCH”

Aсосий News Appeal Қўнғироқ
Aсосий Саҳифалар