Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамда «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган «Энг фаол электромонтёр» танловининг республика финал босқичи бўлиб ўтди. Унда ҳудудий босқичларда юқори натижа кўрсатган 12 нафар мутахассис иштирок этди.
Финал босқичида иштирокчиларнинг назарий билимлари билан бир қаторда, амалий кўникмалари ҳам синовдан ўтказилди. Шу жараёнда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этиш, асбоб-ускуналардан тўғри фойдаланиш ва иш сифатига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирдан кўзланган мақсад – ёш мутахассислар истеъдодларини намоён қилиш, касбга бўлган қизиқишларини кучайтириш, иқтидорли ёш мутахассисларни аниқлаш ва рағбатлантириш, касбий маҳоратини ошириш ҳамда ўзаро тажриба алмашишлари учун шароит яратишдан иборат.
Қизғин кечган беллашувда ғолибликни «Марказий филиал» жамоаси қўлга киритди. Ғолиб ва иштирокчилар диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.