Муҳокамада: ФАОЛИЯТ САРҲИСОБИ ВА УСТУВОР МАҚСАДЛАР

«Алоқа тарихи музейи»да Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг кенгайтирилган мажлиси видеоконферентсалоқа шаклида бўлиб ўтди. Унда тармоқнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг касаба уюшма масъуллари, республика кенгашининг ҳудудлар бўйича кураторлари ҳамда бошланғич касаба уюшмаси қўмиталари раислари онлайн қатнашдилар.

– Бугун 2022 йилда амалга оширган ишларимиз, аниқланган камчиликлар, ечимини топмаган айрим муаммолар хусусида ўзаро фикр алмашиб, жорий йилда олдимизда турган устувор вазифаларимиз хусусида келишиб олишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман, – деди Республика кенгаши раиси Асрор Ишанходжаев. У ўз маърузасида Республика кенгаши ва унинг тизимидаги бошланғич ташкилотларининг 2022- йил давомидаги фаолияти якунлари ва 2023 йилдаги вазифаларига батафсил тўхталди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси ва «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонунига ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг қарорларига асосан қуйидагилар устувор вазифалар белгилаб олинди:

Касаба уюшмаси аъзолар сонини кўпайтириш, нодавлат ташкилотларни касаба уюшмага жалб этиш, 2023-2025 йилларга мўлжалланган тармоқ келишувлари, жамоа шартномалари Янги Меҳнат кодексида талаб этилган бандларни киритган ҳолда расмийлаштириш, «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» давлат ва тармоқ дастурлари доирасида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, корхона ва филиалларда меҳнат муҳофазасига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, ходимларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, юридик ва жисмоний шахслардан тушган мурожаатларни касаба уюшмаларига берилган ваколатлар доирасида қонуний ва адолатли ҳал қилиш, хотин-қизларнинг жамоатчилик ишларида ва оммавий тадбирларда фаол иштирок этишни таъминлаш, ёшлар масалалари бўйича раис маслаҳатчиси фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда олий ўқув юртларида талабалар бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари фаолиятини тиклаш, янги сайланган КУҚ раислари учун ўқув-семинарлар ташкил қилиш, ижтимоий-меҳнат масалалари ва меҳнат низолари бўйича ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакилларни ўқитиш, бошланғич ташкилотлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, корхона ва ташкилотларга чиқиб, уларга амалий ёрдам кўрсатиш ишларни тизимли давом эттириш, корхона ва ташкилотларда«Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» ғояси остидаги маънавий-маърифий тадбирларни, «Маърифат соатлари»ни мунтазам равишда ўтказиб бориш, касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан ўтказиладиган спорт тадбирларининг оммавийлигини таъминлаш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларига йўлланмаларни адолат ва шаффофлик тамойиллари асосида тақсимлаш зарур.

Йиғилишда аниқланган камчиликлар юзасидан Республика кенгашининг ҳудудлар бўйича кураторлари ҳамда бошланғич касаба уюшмаси қўмиталари раисларига белгиланган муддатда иш фаолиятини қайтадан танқидий-таҳлилий ўрганиб, чора-тадбирлар кўрилиши топширилди.

Кун тартибида кўтарилган барча масалалар юзасидан мажлис қарори қабул қилинди.

Солижон ЗОИРОВ,

 «Хабар» мухбири