Бугун мамлакатимиздаги ҳар бир давлат ташкилотида касаба уюшмаси қўмиталари фаолияти йўлга қўйилган ва улар томонидан ишчи-ходимларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга муносиб меҳнат шароитини яратиб бериш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, «Ўзбектелеком» АК Касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ҳам.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 23 ноябрдаги «Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида»ги 648-сонли қонунига мувофиқ, 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни этиб белгиланган.
Шу муносабат билан Компаниянинг Касаба уюшмаси қўмитаси фаолиятига кўп йиллар мобайнида ўзининг фидокорона меҳнати билан ижтимоий шериклик асосида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатини ҳимоя қилишда муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган бир гуруҳ фаолларга ташаккурнома топшириш маъросими бўлиб ўтди.
Унда «Ўзбектелеком» АК Фахрийлар кенгаши раиси Ғолибшер Зияев иштирок этиб, мазкур йўналишдаги фидойилиги учун фаолларга Компания раҳбарияти ва Касаба уюшмаси қўмитаси алоҳида миннатдорлик билдириб ўтди.
Тадбирда таъкидланганидек, бугунга қадар Касаба уюшмаси қўмитаси ташаббуси билан тизимда узоқ йиллар ишлаб, нафақага чиққанлар, ёлғиз қариялар, ногиронлиги бўлган шахслар ва меҳнат фахрийлари ҳар томонлама эъзозланиб, кўмакка муҳтожларга беғараз ёрдам кўрсатилмоқда.
Шунингдек, соҳа ходимлари учун доимий тарзда маданий-маърифй тадбирлар, кўнгилочар масканларга ташрифлар, республиканинг тарихий шаҳарларига саёҳатлар, спорт-соғломлаштириш тадбирлари ва турли йўналишдаги кўрик-танловлар ўтказиб келинади.
«Ўзбектелеком» АК Ахборот хизмати