Ҳисобот-сайловларни ташкил этиш юзасидан ўқув-машғулоти ташкил этилди

Кенгаш ҳамда Раёсат аъзолари учун (жами 50 нафар) Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги қонуни ҳамда бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларида бўлиб ўтадиган ҳисобот-сайловлар юзасидан 1 кунлик ўқув-машғулот ташкил этилди.

Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан жорий йилнинг 25 январ куни  Электромагнит мослашув марказининг “Оқ тош” дам олиш масканида Кенгаш ҳамда Раёсат аъзолари учун (жами 50 нафар) Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги қонуни  ҳамда бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларида бўлиб ўтадиган ҳисобот-сайловлар юзасидан 1 кунлик ўқув-машғулот ташкил этилди.

Шунингдек, машғулотда касаба уюшмалари фаолиятларини янада самарали ташкил қилиш, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, иш ҳужжатларини юритиш, касаба уюшмаларида молиявий интизом, хуллас, касаба уюшма қўмиталари фаоллари учун зарур бўладиган барча жараёнларга алоҳида эътибор қаратилди.

Ташкил этилган ўқув-машғулотлар мавзулари ҳозирги кундаги долзарб масалалардан келиб чиққан ҳолда танланган бўлиб, маърузалар тажрибага эга бўлган етук мутахассислар томонидан  тақдимот усулида олиб борилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуни 1992 йил 2 июлда, яъни бундан 27 йил илгари қабул қилинган бўлиб, 3та боб ва 22 та моддадан иборат эди. Қонунга 2001 йил 7 декабрда ва 2016 йил 28 ноябрда қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган бўлсада, у асосан декларатив характерда бўлиб, аниқ, тўғридан - тўғри амал қилувчи ҳуқуқий нормалар деярли келтирилмаган.

Шу билан бирга, 1992 йилдан бери ўтган вақт мобайнида “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунлари ва бошқа қонунлар, шунингдек Меҳнат кодекси қабул қилиндики, амалдаги “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун бу қонунларга мос келмай қолди.

Лойиҳа 2019 йил июнь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Муҳокамаларда билдирилган таклифлар асосида лойиҳа янада такомиллаштирилди ва 2019 йил 24 октябр иккинчи ўқишга киритилди. Лойиҳа шу мажлиснинг ўзида учинчи ўқишдан ҳам ўтказилиб, Олий Мажлис Сенатига маъқуллаш учун юбориш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Олий Мажлис Сенати 2019 йил 30 ноябр куни ўзининг 4-ялпи мажлисида мазкур лойиҳани кўриб чиқиб маъқуллади. Қонун 9 та боб 56 та моддадан иборат бўлиб, аввалги қонунга нисбатан бир қатор янги аниқ, тўғридан-тўғри амал қиладиган нормаларни ўз ичига олган.

Қонунни ишлаб чиқишдан асосий мақсад - Халқаро Меҳнат ташкилотининг Конвенцияларига мос равишда касаба уюшмаларининг ҳуқуқ ва ваколатларини ҳамда  касаба уюшмасига бирлашиш имкониятларини кенгайтириш, касаба уюшмалари органларини давлат рўйхатидан ўтказишни соддалаштириш, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишда асосий институтлардан бири бўлган меҳнат инспекцияларини қайта тиклаш, меҳнат соҳасида ижтимоий шериклик ҳамда жамоатчилик назоратини амалга оширишни тартибга солувчи нормаларни қонуний мустаҳкамлаш, амалдаги қонунда бор бўлган ҳаволаки ва декларатив характердаги нормаларни бартараф этишда иборат бўлди.

Бундан ташқари, ўқув машғулот давомида бу йилги ҳисобот-сайловларни ўтказиш тартиби, тайёрланадиган ҳужжатлар тўплами бўйича аниқ тавсиялар берилди.

Жумладан, ҳисобот-сайлов йиғилиши (конференцияси) бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти фаолиятида муҳим ва катта воқеа ҳисобланади. Чунки, йиғилишда (конференцияда) бошланғич ташкилотнинг ҳисобот давридаги фаолияти таҳлил қилиб чиқилади, касаба уюшмаси аъзолари билан ҳамкорликда келгусида фаолиятни янада кучайтириш ва такомиллаштириш борасида яқин келажакка мўлжалланган устувор вазифалар белгилаб олинади.

Шу билан бирга, бошланғич ташкилотнинг ҳисобот-сайлов йиғилиши (конференцияси) унга жиддий тайёргарлик кўришни, уларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш ишларига касаба уюшмаси ташкилотининг фаолларини ҳам кенг жалб этишни, ҳисобот-сайлов йиғилишини (конференциясини) амалдаги меъёрий ҳужжатлар ва юқори касаба уюшмаси органлари қарорларига риоя этган ҳолда ўтказиш ва йиғилиш (конференция) ҳужжатларини белгиланган тартибда расмийлаштиришни тақозо қилади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг 2019 йил 25 декабрдаги 16-5-сонли “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги касаба уюшмалари ташкилотларида ҳисобот-сайловларни ўтказиш тўғрисида”ги қарор билан тасдиқланган Низом асосида ўтказилиши лозимлигига алоҳида урғу берилди.

Ташкил этилган ўқув машғулотидан олинган билимлар соҳа ходимлари учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, уларнинг манфаатларини ҳуқуқий ҳимоялаш, тизим ривожи учун хизмат қиладиган ислоҳотларнинг самарали амалга оширилишига яқиндан ёрдам беради.