МЎЪЖАЗ ОРОМГОҲДАГИ КАТТА ТАДБИРЛАР

Болалик—ҳаёт уммонининг мусаффо сарчашмаси. Боиси, у ҳар бир мурғак қалб учун ташвишлардан йироқ, эзгуликка тўла лаҳзалардир. Аслида ўсиб келаётган ёш авлодни ҳимоя қилиш замирида ҳаётни, унинг давомийлигини асраб-авайлаш моҳияти ётади. Улар тўғрисидаги ҳар қандай ғамхўрлик эса юрт равнақи учун қўйилаётган мустаҳкам пойдевор демакдир.

Истиқлолнинг дастабки йилларидан юримизда соғлом авлод тарбияси умумхалқ ҳаракатига айлантирилди. Соғлом деганда биз фақатгина жисмонан бақувват фарзандларни эмас, балки маънавий бой авлодни ҳам кўзда тутамиз.

Бугунги кун ёшлари, мутақиллик йилларида туғилиб вояга етган соғлом ва баркамол авлодга хос бўлган мустақил фикрлаш, миллий ўзликни англаш, она юртга муҳаббат, замонавий илм-фан ва касб-ҳунарларни эгаллашга астойдил интилиш, Ўзбекистоннинг бугунги ва эртанги куни учун ёниб яшашга тайёр бўлган ҳислатларни ўзида мужассам этган шахсдир.

Шу боиз, соғлом авлодни вояга етказиш борасида меҳнаткашлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни янада кенг оммалаштириш, олис ва чекка ҳудудларда, мураккаб иқлим шароитида меҳнат қилаётган меҳнаткашларнинг фарзандларини ёз мавсумида болалар соғломлаштириш масканларида дам олишларини ташкил этиш ишлар изчил олиб борилмоқда.

Хусусан, Республика кенгаши соҳа тизимидаги ташкилот, корхона ва муассасаларда фаолият юритаётган ходимларнинг фарзандларини 2024 йил ёз мавсумида дам олишларини юқори савияда ташкил этиш борасида қатор вазифаларни белгилаб олди.

Ёз мавсумида соҳа тизимидаги болалар соғломлаштириш масканларида  меҳнаткашларнинг 7 ёшдан 13 ёшгача бўлган 4260дан зиёд фарзандларини  соғломлаштириш режалаштирилди. 

“Ўзбектелеком” АК тасарруфидаги Бухоро, Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари “Алоқачи” оромгоҳлари тарқатма материаллар, услубий қўлланмалар, шиорлар тўплами, буклет ва эслатмалар, плакатлар билан таъминланди.

Болаларни ёши, эҳтиёжи ва қизиқишларини инобатга олган ҳолда турли хил тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди, кутубхоналарни янги китоб, журнал ҳамда жаҳон ва миллий халқ эртаклари, ҳикоялари билан  бойитилди.

Шунинг билан бирга, дам олувчи болалар ўртасида спорт мусобақаларини миллий анъаналаримизга асосланган ўйин ва мусобақалар негизида ташкил этиш, маданий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари, қизиқарли учрашувлар ҳамда танловлар ўтказиш борасида алоҳида тадбирлар белгиланди.

Ана шундай тадбирларнинг бири Китоб тумани Қайнар қишлоғи ўзининг салқин табиати, мусаффо ҳавоси, пурвиқор тоғлари ҳамда бўйи кўкка туташган ям-яшил дарахтлари билан тилга тушган “Алоқачи” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ташкил этилди.

“Алоқачи”—“Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси Қашқадарё филиалига қарашли бўлган мўъжаз оромгоҳдир. Яқинда иккинчи мавсумга  130 нафар ўғил-қизларни мароқли ҳордиқ чиқариш учун қабул қилган дам олиш масканида “Соғлом бола-юрт келажаги!” шиори  остида маданий-маърифий ва спорт тадбирлари бўлиб ўтди.

Шуниси эътиборлики, Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамда “Ўзбектелеком” АК Қашкадарё филиалаи касаба уюшмаси қўмитаси ҳамкорликда ўтказилган ранг-баранг тадбирларда қатнашмаган бола қолмади.

Бир гуруҳ иқтидорли дам олувчилар “Менинг оилам” иншолар танловида беллашган бўлса, чаққон ва эпчил ўғил-қизлар “Қувноқ стартлар” мусобақасида омадини синаб кўрди. Бундан ташқари, “Рақслар гулдастаси”, асфальтга расм чизиш, “Биз Беҳзод авлодларимиз!” рассомчилик танловлари ҳар бир болага ўз маҳоратини намойиш этиш имконини берди.

Бугунги кунда тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши тасарруфидаги “Ўзбектелеком” АК қарашли учта болалар оромгоҳи бор, —таъкидлади кенгаш мутахассиси Гулчеҳра Ғуломова. Яъни, ходимларимиз фарзандлари мазкур оромгоҳдан ташқари Тошкент вилоятидаги “Алоқачи”, Бухородаги “Ёш алоқачи“ оромгоҳларида ҳам ҳордиқ чиқармоқда.  Мазкур тадбирларни ёз мавсумини тугалланишига қадар қолган иккита БСОларида ҳам ташкил этиш кўзда тутилган. Кенгашимиз ёш авлоднинг маънан баркамол, жисмонан соғлом бўлишига яқиндан кўмак беришга аҳд қилган. Бугунги тадбирдан кўзланган мақсад ҳам шу. Бундан ташқари, кенгаш томонидан яқинда  ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларда китоб ўқишга бўлган қизиқишини янада ривожлантириш мақсадида Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиалига 10 миллион сўмлик китоб олиб берилди...

Мўъжаз “Алоқачи” оромгоҳини безаган танловлар якуни янада ҳаяжонли бўлди. Беллашувларда ким ғолиб бўлди? ,—дерсиз. Ташкилотчилар барча иштирокчиларни ғолиб деб эълон қилишди. Оромгоҳда дам олаётган 130 нафар болажонларнинг барчасига қизиқарли бадиий адабиётлар, футболка ва кепкалар совға қилинди.

—Тошкент шаҳридан келдим. Оромгоҳда барчаси ажойиб,—дея таассуротлари билан ўртоқлашди дам олувчи Жасмина Тўйчиева.

—Бу ерда ҳаво ҳарорати ҳам баланд эмас. +25 даража. Бугунги тадбирларда роса яйрадик. Ўзим рақслар танловида иштирок этдим. Айниқса, совғалар барчани хурсанд қилди. Рости, кутмагандик...

—Китоблар жону-дилим, —деди Қарши шаҳридан келган Дилноза Бўриева.—Улғайсам, ҳуқуқшунос бўлмоқчиман. Оромгоҳ кутубхонасидан Ўткир Ҳошимов асарларини ўқияпман. Бундан ташқари, қўшни оромгоҳларга бориб, турли интеллектуал ўйинлар, спорт мусобақаларида “Алоқачи” шарафини ҳимоя қилдик. Қувноқ “Актёр шоу” томошалари, тоғлар қўйнига саёҳатлар, турли тўгараклардан вақтнинг қандай ўтганини билмаяпмиз...
Эътибор бежиз кетмайди. Бу бахтиёр, бахти бор фарзандлар албатта, Ватан келажагига ўз улушини қўшади. Оромгоҳ бағридаги болажонлар юзидаги азму шижоат бизга шундай некбин хулосаларни берди...