“БЕШ ТАШАББУС- БЕШ ИМКОНИЯТ”

Сўнгги йилларда мамлакатимизда болалар соғлиғини мустаҳкамлаш ва тиклаш, ёзги таътиллари даврида уларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Болаларни ёзги таътиллари даврида бўш пайтларини мазмунли ўтказишини ташкил этиш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва соғломлаштириш ишларининг самарадорлигини ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги билан Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг 2024 йилга мўлжалланган ўзаро ҳамкорлик ва ижтимоий шериклик бўйича ҳар йили тузиладиган қўшма тадбирлар режаси ижросини таъминлаш мақсадида, ёзги соғломлаштириш мавсуми давомида “Ўзбектелеком” АК филиаллари тасарруфидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳларида “Беш ташаббус-беш имконият” лойиҳаси доирасида бир қатор тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Навбатдаги тадбир “Ўзбектелеком” АК Бухоро филиалига қарашли “Ёш алоқачи” болалар соғломлаштириш оромгоҳида 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган  ёш дам олувчилар иштирокида бир нечта спорт турини ўз ичига олган  қизиқарли мусобақаларни ўтказиш ва шу тариқа ўғил-қизларнинг жисмоний тарбия ва спортга бўлган қизиқишларини янада кучайтириш имконини берди.

Баланд пардаларда янграган қувноқ тарона ва қўшиқларга уланиб кетган болажонларнинг чиқишлари барчага хуш кайфият бағишлади. Ўзига хос спорт байрамига айланган тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан ташкилотчилар мамлакатимиз ёшларини ҳар томонлама етук ва соғлом кишилар қилиб тарбиялашда бундай ибратли тадбирлар беқиёс аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар. Мусобақа иштирокчиларига муваффақиятлар тиладилар.

Шу куни оромгоҳ ёш дам олувчилари спортнинг стол тенниси, сувда сузиш, камондан отиш, шахмат-шашка, киберспорт, ахборот технологиялари, расм чизиш  ва бошқа турлари бўйича ўзаро беллашиб, ўз топқирликлари ва чаққонликларини намойиш этдилар. “Қувноқ стартлар” баҳсларининг энг яхши иштирокчилари ҳам ҳакамлар ҳайъати томонидан муносиб тарзда баҳолаб борилди.

Стол тенниси баҳсларида Бухоро шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиси Розиябону Саидова, камондан отиш мусобақаларида  Когон шаҳридаги 9-умумтаълим мактаби ёш спортчиси Жасмина Дежаъфарова, шахмат-шашка баҳсларида вилоят марказидаги 43-умумтаълим мактаби ўқувчиси Суннатилло Эгамов, “Қувноқ стартлар” беллашувларида эса “Қувноқлар” жамоаси аъзолари ва бошқа бир қатор иштирокчилар устунликка эришиб,ўз маҳоратларини намойиш этдилар.

  Муросасиз  ва қизиқарли  спорт мусобақалари якунида одатда  ҳақиқий дўстлик ғалабаси  хусусида сўз боради . Бу гал ҳам шундай бўлди.  Бир сўз билан айтганда спорт байрамида фаол иштирок этган 120 нафар  болажонларнинг барчаси кутилган натижаларга эришиб, Ўзбекистон  Ахборот технологиялари  ва оммавий коммуникациялар ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг муносиб туҳфаси -  болаларбоп энг сара китоблар жамланмаси ҳамда “Ўзбектелеком” АК Бухоро филиали касаба уюшма қўмитасининг бир қатор ўқув қуролларидан иборат совғалари билан тақдирландилар.