Касаба уюшмалари куни олдидан соҳа ходимлари фарзандларига саёҳат уюштирилди

Мамлакатимизда ёш авлодга келажак эгалари, эзгу ишларимизнинг давомчилари сифатида эътибор қаратилади. Шу боисдан, уларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайиши учун барча имкониятлар яратилмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, «Ўзбектелеком» АК томонидан ҳам нафақат соҳа ходимлари, балки уларнинг оиласи, фарзандлари учун ҳам турли имкониятлар тақдим этиб келинади. Болаларга оид байрам саналарида ташкил этиладиган маданий ҳордиқ улашувчи концерт дастурлари, байрам совғалари ва оромгоҳларга уюштириладиган таътил кунлари шулар жумласидандир.
«Ўзбектелеком» АК Касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ушбу анъана давом эттириб келинмоқда. Хусусан, Президентимиз томонидан ёшларга бўлган эътиборни янада кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш борасида соҳа ходимлари фарзандларининг кузги таътил кунларига мазмун бағишлаш истагида улар учун пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳат ташкил этилди.
50 нафардан зиёд болажонлар иштирокидаги саёҳат УЗТEЛECОМ янги биносининг 1-қаватида  жойлашган Коворкинг маркази билан яқиндан танишишдан бошланди. Улар бу ерда мамлакатимизда ҳам тобора ривожланиб бораётган киберспорт учун яратилган имкониятлар, энг замонавий компьютерлар ва энг сўнгги виртуал ишланмалар ҳақида маълумот олишди.
Шундан сўнг, Тошкент марказидаги Романовлар уй музейи, улуғвор меъморий ёдгорлик Ҳазрати имом мажмуаси, Политехника, Қатағон қурбонлари хотираси ва Алоқа тарихи музейларида бўлишди.
«Ўзбектелеком» АК Касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ташкил қилинган мазмунли саёҳат доирасидаги байрамона тушлик ва музейларга ташриф болажонларга кўтаринки кайфият ва мазмунли таассурот бағишлади.

 

"Ўзбектелеком" АК Ахборот хизмати