9 февраль – сўз мулкининг султони, улуғ донишманд Ҳазрат Алишер Навоий таваллуд топган кун.
Бугун шарқ Ренессансининг йирик намоёндаси сифатида жаҳон цивилизацияси тарихида, айниқса, туркий тилли халқлар маданий ва маънавий ҳаётининг ривожида алоҳида ўрин тутган ёрқин шахс, сўз мулкининг султони, улуғ донишманд Ҳазрат Алишер Навоий таваллуд топган кун.
Жорий йилнинг 8 февраль куни Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази ҳамда Рақамли иқтисодиёт тадқиқотлари марказларида Мир Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллиги кенг нишонланди.
Тадбирга Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университетининг филология фанлари номзоди Тозагул Матякубова меҳмон сифатида таклиф этилди.
– Нима учун биз филолог олимлар бугунги кунда ҳам Ҳазрат Алишер Навоийни ўрганишда давом этяпмиз? Мустақиллик даврида унинг асарларини ўқишга қанчалик эҳтиёжимиз бор? Шу каби саволларга бугунги кун нуқтаи назаридан келиб чиқиб жавоб беришга, тушунтиришга ҳаракат қиламиз, – дейди учрашувда фан номзоди Тозагул Матякубова.
– Чунки Навоий асарлари моҳиятига олам ва одам, жамият ва табиат, илоҳиёт, инсон ва унинг муаммолари ҳақидаги тушунчалар тўла қамраб олинган. Булар эскирмайдиган мавзулардир. Аллома ўз ижодида инсонларни ўйлантирадиган ана шундай масалаларга файласуфона ва ақлан жавоб беришга, ечим топишга ҳаракат қилган.
Тадбир ўзгача руҳда ўтди. Иштирокчилар Навоий ижодидан келтирилган намуналардан назмни соғинганликларини, уларда кўтарилган мавзуларнинг ҳамон долзарб бўлиб қолаётганлигини ҳис қилишди.
Дарҳақиқат, етук шоир, давлат арбоби, буюк мутафаккирдан бизга жуда катта ва бебаҳо мерос қолган. Шу боис Ҳазрат Алишер Навоий ижоди асрлар оша кейинги давр алломалари учун ҳам ибрат мактаби бўлиб келмоқда.