Кодекс 7 бўлим, 34 боб ва 581 моддадан иборат бўлиб, олти ойдан кейин кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги ЎРҚ-798-сон Қонунни 2022 йил 28 октябрь куни имзоланди. Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 2021 йил 14 октябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 2022 йил 17 мартда Сенат томонидан маъқулланган эди. Кодекс 7 бўлим, 34 боб ва 581 моддадан иборат бўлиб, олти ойдан кейин кучга киради.
Янгиланган Меҳнат кодексида ХМТ конвенциялари ва тавсияларига асосланган ҳуқуқий ечимлар ўз аксини топган. Меҳнатнинг мослашувчан тартибга солинишига эришишга қаратилган илғор хорижий тажриба инобатга олинган. Ходимлар меҳнат ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишига кўпроқ эътибор берилган.
Янги Меҳнат кодекси Умумий қисмининг 2-бўлими 4-9-боблари меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликка бағишланган бўлиб, «Меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик» тушунчасининг мазмун-моҳияти биринчи марта очиб берилган. Ўзбекистон ратификация қилган ХМТ конвенцияларининг қоидаларини ҳисобга олган ҳолда, ижтимоий шерикликнинг асосий принциплари белгиланган, ижтимоий шерикликда ходимларнинг ва иш берувчиларнинг вакиллиги масалалари батафсил тартибга солинган.
Меҳнат кодексида ижтимоий шериклик органлари – ижтимоий-меҳнат масалалари комиссияларига бағишланган алоҳида боб бор, унда бу комиссияларнинг ваколатлари, улар томонидан қарорлар қабул қилиш тартиби белгиланган. Меҳнат муносабатларини ҳам якка шартномавий, ҳам коллектив шартномавий тартибга солиш сезиларли даражада кенгайтирилган.
Янги Меҳнат кодекси амалга киритилгач, ёлланма меҳнат соҳасида юзага келадиган барча муносабатлар битта кодификацион ҳужжатда тартибга солинади. Меҳнат соҳасида норматив ҳужжатлар, айниқса идоравий ҳужжатлар сони анча камаяди. Янги Меҳнат кодексининг ютуқлари қаторида меҳнат ва у билан бевосита боғлиқ бўлган жамоат муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишдаги камчиликлар ва номувофиқликлар бартараф этилганини ҳам қайд этиш мумкин.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ижроия қўмитасининг 2022 йил 30 ноябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси тўғрисда”ги 7-5-сон қарорида таъкидланганидек, касаба уюшмалари фаолиятининг асосий мақсади - ходимларнинг меҳнат хуқуқларини ҳимоя қилиш бўлганлиги сабабли, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини аввало касаба уюшмаларида, шунингдек меҳнат жамоаларида кенг кўламда тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб бориш касаба уюшмасининг бугунги кундаги долзарб вазифаларидан бири бўлиб ҳисобланади.