Касаба уюшма қўмитаси раислари малакаси оширилди

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг малака ошириш институти нодавлат таълим муассасасида тизимдаги бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари учун беш кунлик ўқув машғулотлар ташкил этилди.

Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг 2022 йил 14 апрелдаги “2022 йилнинг 1-ярим йиллигида касаба уюшмаси кадрлари ва фаолларини  ўқитиш  режаси тўғрисида”ги  05-07 “о” - сон Ижроия қўмитасининг  қарори асосида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг малака ошириш институти нодавлат таълим муассасасида тизимдаги бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари учун беш кунлик ўқув машғулотлар ташкил этилди.

Ташкил этилган ўқув машғулотлар 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури” ижросини таъминлашга кўмаклашиш бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг дастурида белгиланган вазифалар мухокамаси билан бошланди.

Машғулотлар интерактив усулда ташкил этилиб, унда меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида касаба уюшмаларининг вазифалари, ижтимоий шериклик, Бош келишув, тармоқ, ҳудудий келишувлар ва жамоа шартномалари, касаба уюшмаси аъзолик бадалларини тақсимлаш, касаба уюшма бюджети маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низом талаблари ва “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонун  ҳамда меҳнат инспекциясиинг фаолияти тўғрисидаги тақдимотлар тингловчиларга  ҳавола этилди.

Шунингдек, корхоналарда меҳнат низолари бўйича Комиссиялар фаолиятини ташкил этиш ва олиб боришнинг ҳуқуқий асослари, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тадбирларни режалаштириш, иш жойларида қулай шароитлар яратиш ва бахтсиз ҳодисаларни олдини олишда касаба уюшмаларининг вазифалари, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида касаба уюшмаларининг вазифалари ҳақида бахс-мунозаралар олиб борилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VIII Қурултой қарорлари ҳамда фаолиятининг 2021-2025 йилларга мўлжалланган стратегик йўналишларида белгиланган вазифалар, ижтимоий суғурта маблағларидан мақсадли фойдаланиш ҳамда йўлланмаларни бериш тартиби, меҳнат жамоаларида маданий-маърифий, жисмоний тарбия ва спорт ишларини ташкил этишнинг асосий йўналишларида батафсил тушунтиришлар берилган бўлса, бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолиятини Устав талаблари асосида ташкил этиш, касаба уюшмасига аъзолик афзалликлари, ташкилотларида ижро интизоми ва ҳужжатлар билан ишлашда иш юритишни ташкил этиш каби мавзуларга алоҳида урғу берилди.

Ташкил этилган ўқув машғулотлар билан биргаликда тингловчилар учун маданий тадбирлар ҳам ташкил этилди.

Галдаги маданий тадбирлар негизида тингловчилар Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихи музейи билан танишдилар ҳамда А.Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига ташриф буюрдилар.

Машғулотлар сўнгида 5 кун давомида ўтилган мавзулар бўйича тест синовларидан аъло даражада ўтган 20 нафар тингловчиларга гувоҳномалар топширилиши қаторида, асосий эътиборни ходимларни ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ҳимоясини таъминлаш, муносиб меҳнат шароитини яратишга қаратиш ҳамда маданий-маърифий, спорт-соғломлаштириш ишларига эътиборни қаратиш борасида қатор вазифалар топширилди.

Ўйлаймизки 5 кун давомида БКУТ раисларига берилган ҳуқуқий маълумотлар уларнинг иш фаолиятини янада яхшилашга хизмат қилади.