«Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми» — ушбу шиор остида Тошкент ахборот технологиялари университетида Наврўз сайли ташкил этилди.
Бу ҳақда «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали хабар беради.
Сайлда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, шунингдек, вазирлик тизимидаги ташкилот ва корхона вакиллари бир ерда жам бўлиб, бирдамлик, ҳамжиҳатлик анъаналарига содиқликни яна бир карра намоён этишди.
Тантанали маросимни АКТ вазири Шерзод Шерматов очди ва меҳнат фахрийлари, фидойи устозлар, талаба ҳамда соҳа ходимлари, меҳмонларни Наврўз айёми билан табриклади. «Биз – бир оила, биз – бир жамоа!» ғояси остида амалга оширилаётган ишлар бардавом бўлишини, Давлатимиз раҳбари томонидан соҳа олдига қўйилган вазифаларни ёруғ юз билан ижросини таъминлашда барчага куч-қувват, омад тилади.
Эътиборлиси, тантанага сабаб бўлган ушбу Наврўз сайли бир нечта хайрли амалларга ҳам туртки бўлди. Вазирлик томонидан «Инсон қадри» лойиҳаси доирасида ТАТУдаги имконияти чекланган талабалар билан учрашув ўтказилди ва уларга эсдалик совғалари топширилди.
Наврўз «Хаbar» газетаси таҳририяти учун қўшалоқ байрам. Газетанинг илк сони 1992 йилнинг 21 март куни нашрдан чиққан. Шу сабабли ҳам ушбу шодиёнада таҳририят ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан ижодий жамоа фаолияти эътироф этилди.
Ташкил этилган сайлда АКТ вазирлиги тизимидаги ташкилот ва корхоналар томонидан бўш иш ўринлари ярмаркаси ҳам ташкил этилган бўлиб, унда технологияга қизиқувчи ёшлар соҳада мавжуд вакант ўринлар юзасидан тегишли маълумотларга эга бўлдилар ва маъқул келган йўналиш бўйича ариза топширдилар.
ТАТУ ҳудудининг асосий қисми турли вилоятлар кесимида ажратилган бўлиб, унда тегишли ташкилотлар айнан маълум бир вилоят урф-одат, қадриятларини намойиш этишди.
Фольклор жамоаларининг чиқиши, халқ ўйинлари, жумладан, дорбозлик, полвонлар томошаси, спорт мусобақаларининг ташкил этилиши байрамга ўзгача шукуҳ бағишлади.
Тадбир давомида йиғилганлар учун катта дастурхон ёзилиб, байрам кайфияти карнай-сурнай наволари, саҳна кўринишлари ва санъаткорлар чиқишига уланди. Меҳнат фахрийларига алоҳида иззат-икром кўрсатилиб, совғалар улашилди.
Кўргазмали чиқишлари билан иштирок этганлар жамоалар турли номинация бўйича сертификатлар билан тақдирландилар.