УЛУҒ МАҚСАДЛАР ЙЎЛИДА

Ахборот соҳасидаги меҳнат муносабатларига оид ишлар таҳлили янги таклифлар учун асос бўлмоқда

Ҳар қандай соҳадаги фаолият самарадорлиги сарҳисоб жараёнида яққол кўзга ташланади. Агар тарозининг бир палласига бажарилган ишларни, иккинчисига  амалга ошмай қолган режаларни қўйсангиз-у, дастлабкиси оғирроқ тош босса, демак, эришилган натижалардан қониқиш ҳосил қилиш мумкин. Аммо ютуқларга маҳлиё бўлиб қолиш ҳам Тўғри эмас. Йўл қўйилган хато-камчиликларни вақтида таҳлил қилиб, улардан тўғри хулоса чиқариш фақат эзгуликка хизмат қилади ва янгидан-янги марраларга кенг йўл очади.

Пандемия ва глобал инқироз шароитига қарамай, юртимизда юқори иқтисодий ўсиш таъминланган, қатор ижтимоий ва ишлаб чиқариш объектлари фойдаланишга топширилган, шаҳару қишлоқларимиз янада чирой очган «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»дан ҳар қанча рози бўлсак, шукроналар айтсак, арзийди. Эндиликда асосий эътибор «Инсон ­қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб номланган 2022 йил учун белгилаб олинган устувор мақсад ҳамда вазифалар ижросига қаратилган. 

Хўш, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида ижтимоий меҳнат муносабатларига оид таҳлиллар қандай хулосалар чиқаришга ундайди? Қуйида ана шу саволга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Аввало, шуни таъкидлаш жоизки, ижтимоий меҳнат муносабатларини тартибга олиш ва тенг ижтимоий шериклик механизмини янада ривож­лантириш, ходимлар манфаати ҳамда ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш мақсадида вазирлик ва тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши ўзаро ҳамкорлик ва ижтимоий шериклик бўйича ҳар йилга мўлжалланган қўшма тадбирлар режасини қабул қилган бўлиб, белгиланган барча тадбирлар изчил амалга ошириб келинмоқда. Шу боис ходимларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш ҳамда хавфсизлик техникасига риоя этиш ҳолати, меҳнат ва бандликка оид муносабатларнинг қонунчиликда назарда тутилган кафолатлари жамоа келишувлари ҳамда шартномаларида қай даражада акс эттирилганини таҳлил қилиш, қолаверса, янги ташаббусларни илгари суриш мақсадида тизимдаги корхона ва ташкилотлар фаолиятини ўрганиш орқали 2022 йилда амалга ошириладиган вазифаларни белгилаб олиш юзасидан қўшма қарор имзоланди.

Бу қарор асосида вазирликнинг ҳудудий бош­қармаси, Республика кенгаши масъул ходимлари томонидан январь-февраль ойларида Тошкент, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд ҳамда Навоий вилоятларида тизим тасарруфидаги корхона ва ташкилотларда 2021 йилда бажарилган ишлар ўрганилди. Биринчи галда раҳбарлар ҳамда бош­ланғич касаба уюшма ташкилотлари қўмита раислари билан очиқ мулоқот ўтказилди. Унда мавжуд муаммолар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилиниб, бартараф этиш ва келгусида ходимлар манфаатларини ҳимоялаш юзасидан фикр-мулоҳазалар тингланди. Шунингдек, Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерацияси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривож­лантириш вазирлиги билан Ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамкорлигида амалга оширилаётган ижобий ишлар тўғрисида ахборот берилди.

Инсон манфаатлари устувор

2020 йилда юзага келган коронавирус пандемияси аксарият ташкилот-корхоналар фаолиятига салбий таъсир кўрсатди. Шундай мураккаб ва синовли шароитда ахборот технологиялари соҳасининг нафақат узлуксиз ишлашини таъминлаш, балки меҳнаткашлар масъулиятини ошириш, тизим тасарруфидаги корхоналарда фаолият юритаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини фаол қўллаб-қувватлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда. Жумладан, мамлакатимиз қонунчилигига киритилган ўзгартириш ҳамда қўшимчалар, Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган конвенцияларини татбиқ этган ҳолда, 2020-2022 йилларга мўлжаллаб Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан Тармоқ, «Ўзбекистон почтаси» АЖ билан Тариф келишуви ҳамда «Ўзбектелеком» АК билан Ягона жамоа шартномаси имзоланди.

Ўтган йили «Ўзбектелеком» АК, «Ўзбекистон почтаси» АЖ ҳамда «Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази» давлат унитар корхонаси ҳудудий филиаллари директорлари учун ўқув-семинари ташкил этилди. Бундан ташқари, вазирлик, акциядорлик компанияси, жамият, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда Рес­публика кенгаши масъул ходимлари иштирокида муаммоларни жойида ҳал этиш мақсадида Сурхондарё, Қашқадарё, Фарғона ва Самарқанд вилоятларининг чекка туманларидаги телекоммуникация боғламалари меҳнат жамоаларида «Очиқ мулоқот» ўтказилиб, ходимларнинг меҳнат шароитлари ҳамда ижтимоий ҳимояси борасида олиб борилаётган ишларда аниқланган камчиликлар юзасидан бошланғич касаба уюшмалари қўмиталари раисларига, филиаллар масъул ходимларига амалий ёрдам кўрсатилди. Шу даврда тизим тасарруфидаги 32 та корхонанинг янги муддатга мўлжалланган жамоа шартномаси экспертизадан ўтказилди ҳамда 7 та соҳа йўналишида фаолият бошлаган корхонада жамоа-шартномавий муносабатлар тартибга солинди.

 «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дас­тури тадбирларини амалга ошириш доирасида жамоа шартномалари орқали 616 нафар пенсия ёшидаги шахсга жами 972,5 млн. сўм моддий ёрдам, 803 нафар ходимнинг юбилей саналарида 1702 млн. сўмлик қимматбаҳо совғалар, 2812 нафар ишламайдиган пенсионерга 702,9 млн. сўм, 511 нафар ногиронлиги бўлган ходимга байрам арафасида 306,8 млн. сўм миқдорида моддий ёрдам пуллари ажратилди. Ўз навбатида, бола парвариши билан машғул 312 нафар онага, 1531 та кам таъминланган оилага моддий кўмак кўрсатилди, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган 2111 нафар ходимнинг фарзандлари ўқув қуроллари ва дарсликлар билан таъминланди.

2021 йилда ёш оила тоифасига кирувчи 152 нафар ходимга уй-жой қуриш ҳамда истеъмол товарлари сотиб олишга 536,4 млн. сўмлик ссуда, 46 нафар ёш ходимнинг сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат учун тўловини қоплашга иш берувчи томонидан фоизсиз ссуда ажратилди.

Соҳада фаолият юритаётган ходимларни дои­мий рағбатлантириш ва уларни зарур шароитларга эга тураржойлар билан таъминлаш ишлари ҳам эътибордан четда қолмади. Хусусан, Яккасарой ва Шайхонтоҳур туманларида 4 та тўққиз қаватли 210 хонадонли тураржой қурилиб фойдаланишга топширилиб,  ходимларга уй-жойларни ҳарид қилиш учун 60 млрд. сўм ссуда берилди.

Республика кенгаши Ижроия қўмитаси қарори билан касаба уюшмаларидаги кўп йиллик хизматлари учун 10 нафар вафот этган касаба уюшмаси раисларининг оилаларига 20 млн. сўмлик моддий ёрдам, 33 нафар собиқ ва ҳозирги кунда сидқидилдан хизмат қилаётган 24 нафар касаба уюшмаси раисларига ташаккурнома ҳамда жами 60 млн. сўм миқдоридаги пул мукофотлари топширилди.

Тармоқ, Тариф келишувлари ва жамоа шартномаларида белгиланган мажбуриятларнинг бажарилиши ва аниқланган муаммолар ижтимоий шериклар билан ҳамкорликда ўз вақтида бартараф этиб борилиши натижасида вазирлик ­бўйича ўртача ойлик иш ҳақи миқдорининг 1,3 баробарга ўсишига эришилди.

Ўрганиш асноси ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасида қатор ижобий натижалар қайд этилди. Масалан, биргина «Ўзбектелеком» АК «ТШТТ» филиалида 2021 йил якунига кўра, жамоа шартномалари орқали 2862 нафар ходимга ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш учун жами 95,8 млрд. сўмдан кўпроқ маблағ йўналтирилган. Ҳар бир ходимга ҳар ойда қўшимча равишда 2,7 млн. сўм ҳақ тўланиб, ўртача ойлик иш ҳақи 4,9 млн. сўмни ташкил этмоқда.

Рақамли иқтисодиётга ўтиш борасидаги ­саъй-ҳаракатлар хусусида ҳам ижобий фикрлар билдириш мумкин.

Долзарб вазифалар ижроси

Ўзбекистон касаба уюшмалари ­Федерация­си Ижроия қўмитасининг 2021 йил 25 февралдаги 2-27 «с»-сонли қарори асосида «Ўзбекис­тон почтаси» АЖнинг ўнта филиалида – Наманган, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм, Самарқанд, Навоий, Жиззах вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида 56 та янги иш ўрни ташкил этилди. Эътиборлиси, ишга қабул қилинган ходимларнинг аксарияти хотин-қизлар ва 30 ёшгача бўлганлардир.

Ходимларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам диққатга сазовор. Хусусан, мурожаатлар билан ишлаш жараёнига янги механизмнинг татбиқ этилиши очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, юзага келаётган муаммоларни қонуний ҳал қилишда яхши натижалар бераётир. 2021 йилда Республика кенгашига тушган мурожаатларнинг 90 фоизидан кўпроғи ижобий ҳал қилингани бунинг тасдиғидир.

Бундан ташқари, барча ўрганилган корхоналарда ходимларни ишга қабул қилиш, меҳнат шартномасини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилишда қонунчилик талабларига амал қилинаётгани, ҳуқуқий тусдаги тарғиботлар, давра суҳбатлари ва семинарлар тизимли ўтказилиши йўлга қўйилган.

Ёшлар – доимий эътиборда

Бугунги кунда соҳа тасарруфидаги корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган ходимларнинг 36067 нафарини ёшлар ташкил этади. Шунингдек, мазкур йўналишдаги 9 та олий таълим муассасасида  24120 нафар талаба, 17 та ўрта таълим муассасасида 4536 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.

Бундан бир неча йил аввал тизимда технопарклар яратилиши ҳақида тасаввур ҳам қилмаган эдик. Ҳозир таълимнинг барча босқичларида халқаро андозаларга тўлиқ жавоб берадиган, ахборот технологиялари соҳасида юқори малакали мутахассислар синфини яратиб берувчи IT-парклар юртимизнинг барча ҳудудида фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида «Рақамли технологиялар» ўқув марказлари ташкил этилган. Уларнинг ҳар бирида йилига 500 нафардан зиёд тингловчилар билимларини мустаҳкамлаяпти.

Рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошланган ишларни жадал давом эттириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармалари, рес­публикамизнинг ҳар бир туманида ахборот-кутубхона марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудида дастурий инжиниринг, компьютер инжиниринги, телекоммуникация технологиялари, ахборот хавфсизлиги, почта алоқа технологияси йўналишида малакали мутахассислар тайёрловчи ахборот технологиялари техникумлари ташкил этилди.

Ҳозир Тошкент шаҳридаги АМИТИ университети, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Нурафшон филиали, Урганч филиали, академик лицей ҳамда вилоятлар ахборот технологиялари техникумларида 4422 нафардан зиёд ёшлар таҳсил олмоқда, уларга 700 га яқин малакали ўқитувчи-мураббийлар таълим беряпти.

Ёшларга қулай маиший шароит яратиш, муассасаларни китоблар билан таъминлаш, маҳорат дарслари ташкил этиш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Бундан ташқари, ўрганиш жараёнида жамоа шартномалари орқали ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича кўзда тутилган бандлар ижроси ҳам таъминлаб борилаётгани маълум бўлди. Жумладан, «Ўзбектелеком» АК Андижон филиали томонидан 2021 йилда ягона жамоа шартномасининг 14-банди асосида биринчи бор никоҳдан ўтган 28 нафар ёш мутахассисга 38 млн. 811 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилган, олий ўқув юртида таҳсил олаётган 4 нафар ёш мутахассиснинг шартнома пуллари қоплаб берилган, 48 та ёш оилага «Алоқабанк»нинг истеъмол кредитларини олишда кўмак кўрсатилган.

Эътиборлиси, ҳозир филиалда 12 нафар ёш ходим бошлиқ ва раҳбарлик лавозимларида ­фаолият юритмокда. 2021 йилда филиал ва унинг қуйи боғламаларига ишга қабул қилинган ёшлар сони 28 нафар бўлиб, уларга дастлабки синов муддатлари белгиланмаган.

Меҳнат муҳофазаси ҳолати қандай?

Тизим тасарруфидаги корхона ва ташкилотларда 2021 йилда ходимларнинг меҳнат муҳофазасини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳам таҳлил қилинди. Ўрганилган ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш мутахассиси лавозимлари жорий этилган бўлиб, алоҳида хона ажратилган. Бу мутахассис-ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва нормаларига риоя этилиши устидан назорат олиб бормоқдалар.

Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш учун зарур бўлган маблағлар қонун ҳужжатларида, жамоа шартномасида, шунингдек, жамоа келишувларида ёки бошқа ички норматив ҳужжатларда белгиланган миқдорда ажратилиб, режалаштирилган  тадбирлар ижроси учун мақсадли сарфланган. Иш берувчилар томонидан корхоналарда мавжуд асбоб-ускуналардан фойдаланиш, технологик жараёнларни амалга ошириш чоғида хомашё ва материалларни қўллаш ишларини бажариш ва хизматлар кўрсатиш пайтида ходимлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча чоралар кўрилган.

2021 йил давомида 271 нафар меҳнатни муҳофаза қилиш мутахассисининг малакаси оширилган. Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш кунига бағиш­лаб онлайн семинар ўтказилган. Меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлигига оид 20 дан ортиқ йўриқнома қайта ишлаб чиқилган. Ходимларни тармоқ меъёрларига мувофиқ махсус кийим, пой­абзал ва бошқа шахсий ҳимоя воситалари билан бепул таъминлаш ва улар томонидан тўғри фойдаланилиши касаба уюшмалари қўмиталари томонидан қатъий назоратга олинган.

Жорий йилда лицензияга эга лабораториялар билан жорий тартибда шартномалар имзолаган ҳолда, иш ўринларини меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказиш, ходимларни ўқитиш ҳамда билим синовидан ўтказиш чоралари кўрилган. Таркибий бўлинмаларга янги ишга кирган ходимлар хавфсиз ишлаш усуллари бўйича бирламчи йўл-йўриқдан ўтказилган. Муҳими, ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар кучайгандан кучайиб бораётир.

 

Асрор ИШАНХОДЖАЕВ,

Ўзбекистон ахборот технологиялари ва

оммавий коммуникация ходимлари

касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси