СИНОВЛИ ЙИЛЛАРНИНГ САЛМОҚЛИ ЮТУҚЛАРИ

Мамлакатимизда рақамли технологияларнинг жорий этилиши кейинги беш йил давомида Ўзбекистон учун устувор йўналишга айланиб, мазкур вазифаларни кўзда тутган ҳолда, “Рақамли Ўзбекистон-2030” дастури ишлаб чиқилди.

Шунингдек, “Электрон ҳукумат” тизимини, амалга оширилаётган дастурлар ва лойиҳаларни танқидий қайта кўриб чиқиб, барча ташкилий ва институционал масалаларни комплекс ҳал этиш аосий масалалардан бирига айланди. Соҳа учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида, хорижий ҳамкорларимиз билан биргаликда “Бир миллион дастурчи” лойиҳасини амалга ошириш эса, ўз навбатида, иқтидорли ёш мутахассисларимизнинг инновацион ғоялари ҳаётга татбиқ этилишига замин яратди.

 

Интернет энди қишлоқларга

Яна бир муҳим вазифалардан бири, бу – таълимнинг барча босқичларида халқаро андозаларга тўлиқ жавоб берадиган ахборот технологияларини жорий этиш деб белгиланди. Жумладан, ўтган йили шаҳар ва туман марказларини юқори тезликдаги интернетга улаш ишлари якунланиб, барча қишлоқ ва маҳаллаларни тезкор интернет билан таъминлаш асосий вазифалардан бирига айланди. Хусусан, ҳозирги кунда 12 мингдан ортиқ соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим муассасалари ва мактаблар юқори тезликдаги интернет билан таъминланди.

Мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошлаган ишларимизни жадал давом эттириш ва янги, замонавий босқичга кўтариш мақсадида қатор меъёрий хужжатлар қабул қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 февралдаги “Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармалари, шунингдек, республикамизнинг ҳар бир туманида ахборот-кутубхона марказлари ташкил этилди.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимида 15та рақамли нодавлат телеканаллар фаолияти йўлга қўйилиши натижасида уларда ҳам бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари тузилди.

 

Пандемия панд беролмади...

2020 йилда дунёга ёйилган коронавирус пандемияси мамлакатимиз олдига янги муаммо ва талабларни қўйди. Таҳлилларга кўра, пандемия аксарият турдаги корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган ишчи-хизматчилар, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигига салбий таъсир кўрсатди.

Пандемия шароитида юртимизда юзага келган вазият ахборот технологиялари соҳасини нафақат узлуксиз ишлашини, балки меҳнаткашларимиз зиммасидаги ишга бўлган масъулиятни янада оширишни тақозо этди. Пандемия дунё аҳолиси, жумладан, ўзбекистонликларнинг ҳам жисмоний ҳаракатланишини камайтириб, одамларни ахборот технологияларидан, интернетдан кўпроқ фойдаланишга йўналтирди.

Карантин ва шаҳар бўйлаб ҳаракатланишга бўлган чекловлар шароитида зарур хизматлар учун тўловларни ва харидларни онлайн хизматлар орқали амалга ошириш, Payme иловаси орқали масофадан туриб хизмат ва буюртмалар учун тўлов қилиш тизими аҳоли учун қулайлик туғдирди.

Мамлакатимиздаги эпидемиологик вазият ва синовли кунларда юртимизнинг барча таълим муассасаларида жуда қисқа фурсат ичида онлайн дарслар йўлга қўйилди. Дастлаб, мазкур ўзгаришлар шубҳасиз, муайян ноқулайликларни келтириб чиқарди, аммо пандемия сабабли кузатилаётган ўзгаришлар ва таълимдаги янги ечимлар, ҳозирги давр учун зарур бўлган инновацияларни таълим соҳасига киритилишига сабаб бўлди.

Шундай синовли кунларда юртимизда инқирозга қарши амалга оширилган чоралар ХМТнинг пандемияга қарши кураш борасида ишлаб чиққан тўрт асосий тамойилларига тўла мос келади. Хусусан, юртимизда олиб борилган саъй-ҳаракатлар иқтисодиёт ва бандликни рағбатлантириш, ишлаб чиқариш корхоналари, улар даромадлари, иш ўринларини сақлаб қолишни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, меҳнат муносабатлари иштирокчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда ўзаро ижтимоий мулоқотга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

 

Рақамлаштириш коррупцияга қарши

Ҳеч кимга сир эмаски, бугун дунё миқёсида рақамли иқтисодиётга ўтиш жадал суръатлар билан кетмоқда. Бу борада ҳам юртимизда қатор салмоқли ишлар олиб бориляпти. Жумладан, рақамли иқтисодиётга ўтиш Ўзбекистоннинг кейинги беш йилдаги устувор вазифаларидан бирига айланди. Юртбошимиз такидлаганидек, бугун рақамли иқтисодиётни ривожлантирмасдан келажагимизни тасаввур қила олмаймиз. Рақамли технологиялар нафақат маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, ортиқча харажатларни камайтиришга ва энг муҳими коррупцияни йўқотишда самарали восита ҳисобланади.

Дунё тажрибасидан маълумки, рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда замонавий инфратузилмага эга бўлган IT-Паркларнинг ўрни ўта муҳимдир. Айнан шу мақсадда ахборот технологиялари соҳасида рақобатбардош маҳсулотлар ва хизматларни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни ички ва ташқи бозорларда илгари суриш, инновацион ишланмаларни рағбатлантириш ҳамда ахборот технологиялари соҳасида юқори малакали мутахассислар синфини яратиш мақсадида бугунги кунда юртимизнинг барча худудларида  IT-Парклар ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Шунингдек, барча парклар қошидаги Рақамли технологиялар ўқув марказларининг ҳар бирида йилига 500 нафардан зиёд тингловчиларни ўқитиш имконияти яратилди.

Кейинги босқичда юртбошимиз профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирларни белгилашга қаратиб, “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги 6155-сонли Фармони ижросига йўналтирди.

Хусусан, 2021 йилнинг 7 май куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 288-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қарор асосида республикамизнинг барча ҳудудида асосан бешта (дастурий инжиниринг, компютер инжиниринги, телекоммуникация технологиялари, ахборот хавфсизлиги, почта алоқа технологияси) йўналишида ёшларимизга сабоқ берувчи ахборот технологиялари техникумлари ташкил этилди.

Ҳозирда ахборот технологиялари йўналишида ташкил этилган 16та таълим муассасасида 4422 нафардан зиёд ўқувчилар таҳсил олиб, уларга 700га яқин малакали ўқитувчи-мураббийлар таълим беришмоқда.

 

Касабақўм аъзолари кўпаймоқда

Бугунги кунда Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши олдида турган устувор вазифалардан бири, бу – соҳа йўналишида фаолият юритаётган ташкилотлар ходимларини ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашдан иборат.

Шу боис, 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида соҳа тизими ташкил этилган барча ахборот технологиялари техникумлари ишчи-ходимларини ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш чоралари кўрилиб, меҳнат жамоаларида олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари негизида Тошкент шаҳридаги Амити университети, Тошкент ахборот технологиялари университети Урганч филиали академик лицейи, ТАТУ Нурафшон филиали ҳамда 13та вилоят ахборот технологиялари техникумлари ва “Рақамли иқтисодиёт тадқиқотлари маркази” ДУК бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари тузилишига эришилди.

Республика кенгашининг масъул ходимлари томонидан янги тузилган бошланғич ташкилот касаба уюшмаси қўмиталарига биринчи галда амалдаги Бош ва Тармоқ, Тариф келишувлари асосида жамоа шартномаси лойиҳасини ишлаб чиқишда амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

 

Асрор ИШАНХОДЖАЕВ,

Ўзбекистон ахборот технологиялари ва

оммавий коммуникация ходимлари

касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси