Ўзбекистоннинг асосий қонуни ва мустақиллик тимсолларидан бири мадҳиянинг 29 йиллиги муносабати билан “Конституция ва Мадҳия истиқлол ҳамда миллий ғурур тимсоли” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
2021 йил 9 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Республика маънавият ва маърифат маркази ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети билан ҳамкорликда 8 декабр – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда 10 декабр – Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун, шунингдек, Ўзбекистоннинг асосий қонуни ва мустақиллик тимсолларидан бири мадҳиянинг 29 йиллиги муносабати билан “Конституция ва Мадҳия истиқлол ҳамда миллий ғурур тимсоли” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда Вазирлик марказий аппарати департамент, бошқарма ва бўлимлар бошлиқлари, тизимдаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, университет профессор-ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.
Маънавий-маърифий тадбирни кириш ва табрик сўзи билан очган АКТ вазири ўринбосари Ж.Эгамбердийев, мустақил Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганидан буён ўтган 29 йил мобайнида унинг қоидалари ҳаётга изчил жорий этилганлиги, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида илгари ютуқларга эришилаётганлиги, айнан мана шу ҳужжат сабаб юртимизда фуқаролар ва миллатлараро тотувлик таъминланиб, турмуш фаровонлиги йилдан-йилга ортиб бораётганлиги, ижтимоий-маданий ривожланиш, таълим, илм-фан соҳаларида улкан муваффақиятларга эришиб келинаётганлигини алоҳида қайд этиб, Давлат мадҳияси эса Конституциямизда мустақиллигимиз тимсоли эканлиги ҳуқуқий асосда мустаҳкамлаб қўйилганлиги билан бирга, унинг маъно ва мазмуни яққол ифодалаб берилганлиги, унда халқимизнинг бой тарихи, бугуни ва келажаги ўз аксини топганганлиги, унинг ҳар бир мисрасида ўз ига хос рамзий маъно борлигини таъкидлади.
Шунингдек, АКТ вазири ўринбосари Ж.Эгамбердийев, ўзини Ўзбекистон фуқароси деб ҳисоблаган ҳар бир инсон жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлашни ўзининг муқаддас вазифаси деб билиши, Давлат мадҳиясига зўр эҳтиром билан қараши зарурлигини алоҳида эътироф этди.
Бундан ташқари Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари ўринбосари М.Қуръонов Вазирлик ходимларини юртимиз ҳаётидаги мазкур икки муҳим сана билан самимий қутлаб, Конституция ва Мадҳиянинг нафақат жамият, балки ҳар бир инсон ҳаётида тутган ўрни ҳамда аҳамияти тўғрисида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси муаллифи, Ўзбекистон Халқ шоири Абдулла Ориповнинг фарзанди, доцент Ш.Орипова давлат мадҳиясининг яратилиш тарихига шахсан гувоҳ бўлганлигини ва бу жараёнда шоирнинг ички кечинмалари, ҳаракатлари ҳақида йиғилганларга маълумот берди.
Маънавий-маърифий тадбир давомида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети талабалари томонидан тайёрланган шеърлар ўқилди, саҳна кўринишлари ташкил этилиб, бадиий чиқишлари намойиш қилинди, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни муносабати билан университетда ташкил қилинган кўрик-танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди.
Вазирлик вакилларининг китоб ва китобхонликка бўлган қизиқишларини янада ошириш, уларни янги нашр этилган китоблар билан яқиндан таништириш мақсадида “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи МЧЖ томонидан китоб ярмаркаси ташкил қилинди.
Тадбир кўтаринки кайфиятда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист А.Йўлдошевнинг Ватан ҳақидаги қўшиғи билан якунланди.
Бу каби тадбирлар Вазирлик тизимидаги корхона ва ташкилотларда давом этмоқда.
Манба: http://mitc.uz