“Ўзбектелеком” АК Фарғона филиалида декабрь ойининг дастлабки ҳафтаси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллигига бағишланган спорт мусобақалари ташкил этилди.
66 нафар аёллар ўртасида стол тенниси, арғамчи – сакраш ва 60 метрга югуриш мусобақалари кўнгилларга бир олам завқу шавқ ҳадя этди. Уларнинг кундалик ташвишлардан холи чеҳралари янаям гўзаллашиб, ёниқ кўзларида бахтиёрлик туйғулари барқ урди. Бахсларни кузатар экансиз, ана, спортнинг кучи-қудрати дейишингиз табиий. Мусобақада қатнашиб бўлиб, энди хансираганча кулимсирашда давом этаётган аёлларнинг суҳбатлари эътиборимни тортади. ”Чиндан ҳам спортда ҳикмат кўп экан, -деб сўз бошлайди водиллик Нигорахон Рўзиева. -Катта ўғлимни кичиклигидан спорт мактабига бердик. Роса соғлом ўсди. Ҳозир Тошкент тиббиёт академияси таҳсил оляпти. Яхшиям мени спорт мактабига берган экансизлар, деб қолса бир қоп семираман. Кичигимни бермабмиз. Нозикроқ эди. У ҳозир Фарғона политехника институтида ўқийди. Мени нимага спортга тормагансизлар, деб домонгир бўлганда эса бир қоп озаман, ўзимни беҳад гуноҳкор сезаман”... Бу Рўзихоннинг ўзидан анча ёш аёлларга қаратилган насиҳати эди. Қувалик яна бир аёл ҳам қизини дзюдо спортига қатнаштирмай қўйганидан таассуфда эканлиги алам билан тан олди. ”Ахир феъл-атвори ҳам, юриш-туриши ҳам ўғил бола табиат бўлиб қолувдида, -деди у ўзини оқлаган бўлиб. - Энди бўлса ички ишлар соҳасида олий маълумот олмоқчи. Репититорларга қатнаб кириш тестларига тайёргарлик кўрмоқда. Қаранг, минг-минг афсуслар бўлсинки, бу милиция соҳаси учун киши спортнинг бир турини эгаллаши маъқул топилар экан. Хуллас, яна дзюдосига берсак, деб турибмиз”.
Бу суҳбатлар, йўл-йўриқлардан ёш қизлар ўзига тегишли хулосалар чиқариб олишса ажаб эмас. Бу орада қизлар мусобақалари ғолиблари ҳам аниқланди. Фарғона ШТБ муҳандиси Марина Жўраеванинг ракеткани ушлаган қўллари, енгил ҳаракатларини кузатишнинг ўзи мароқли эди. Марина,қойил, теннис маликаси Марина”, деган олқишлар тез-тез янграб турди. Филиал бухгалтери Дианахон Содиқованинг арғамчини айлантирганча тинимсиз сакраши ҳаммани мафтун-мафтун этгани рост. Гўёки ажойиб бир хаёлий рақс! Филиал колценрининг энг навқирон навниҳол ходимаси Шаҳлохон Раҳматова 60 метрлик масофани ҳамма дан тез худди қуш мисоли қанот қоқиб учиб ўтди. Ҳар уччала аёл ғолиблик нашидасидан бағоят мамнун эдилар. Биринчи, иккинч, учинчи ўринларни олганларнинг барчаси медаллар ва совғалар билан тақдирландилар.
168 нафар эркаклар - 21 та команда филиал кубоги учун минифутбол спорт тури бўйича беллашдилар. Қувасойлик телекомчиларга биринчи ўрин, филиал йигитларига иккинчи ўрин, Фарғона тумани телекомчиларига учинчи ўрин насиб этди. Ҳар уччала команда мусобақаларда маҳоратларини юксак даражада намойиш эта олгани тахсинларга муносиб бўлди. Бу ўйинда омад деганлари қувасойликларга кулиб боққанини уарнинг ўзлари ҳам эътироф этдилар. Ҳар уччала командага медаллар ва совғалар топширилди. Шуниси эътиборга моликки, нафақат ғолиблар, балки ҳар бир қатнашчи улуғ байрам муносабати билан уйига чиройли туҳфа билан йўл олди.
Мусобақалар якунида филиал директори Владимир Ежков барчани 8 декабрь - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни билан самимий муборакбод этиб, оилаларига тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилади. Шунингдек директор сўзининг охирида жамоада соғлом турмуш тарзи тарғиботи ҳамда спортни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси учун филиал касаба уюшмаси қўмита раиси Муроджон Азамовга миннатдорчилик изҳор этди.
Ҳафиза Саляҳова,
“Хабар”нинг Фарғона вилоятидаги мухбири