Инсон бажараётган ишидан кўнгли тўқ, иш жойида ҳар томонлама ҳимояда бўлса, унга хавфсиз меҳнат шароити яратиб берилса, фаолияти ҳам шунга яраша самарали бўлади. Ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмалари бу борада қатор ишларни амалга ошириб келяпти. Аввало, ҳали ҳимояга олинмаган тизимдаги ташкилотлар касаба уюшмаларига жалб этиляпти. Жорий йилнинг ўтган даврида 35 та ташкилот касаба уюшма хизматига олиниб, аъзолар сони 1394 нафарга ошди.
Барча ҳудудларда ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармалари, републикамизнинг ҳар бир туманида ахборот кутубхона марказлари ташкил этилди. Уларда босқичма-босқич бошланғич касаба уюшмаси ташкилотини тузиш ҳамда Тармоқ келишуви асосида жамоа шартномасини ишлаб чиқишда амалий ёрдам кўрсатиляпти. Шунингдек, ҳудудларда IT техникумлар фаолияти йўлга қўйилмоқда.
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимида 12 та рақамли нодавлат телевизион канали фаолияти йўлга қўйилиши натижасида уларда ҳам бошланғич ташкилотлар тузилиб, 440 нафар ходим касаба уюшмасига жалб этилди.
Президент фармони асосида ташкил этилган «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технопарки дирекцияси»нинг 100 нафардан ортиқ ходими касаба уюшмасига жалб қилинди. Барча вилоятларда Технопарклар фаолияти йўлга қўйилиб, улардаги ходимларни ҳам касаба уюшмасига жалб этиш ишлари олиб бориляпти.
Ижтимоий меҳнат муносабатларини тартибга солиш ва тенг ижтимоий шериклик механизмини янада ривожлантириш, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва ҳуқуқий ҳимояси борасидаги ишларни янада самарали ташкил этиш мақсадида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши ўзаро ҳамкорлик ва ижтимоий шериклик бўйича қўшма тадбирлар режасини қабул қилди.
Вазирлик, акциядорлик компанияси, жамият, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда Республика кенгаши масъул ходимлари иштирокида муаммоларни жойида ҳал этиш мақсадида Фарғона, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларидаги алоқа корхоналари, жумладан, «Ўзбектелеком» АК Фарғона филиалининг чекка туманлардаги, яъни Сўх ва Тошлоқ туман телекоммуникация боғламалари меҳнат жамоаларида «Очиқ мулоқот» тарзида давра суҳбатлари ўтказилди. Шунингдек, ходимларнинг меҳнат шароитлари ҳамда ижтимоий ҳимояси борасида олиб борилаётган ишлар ўрганиб чиқилди. Аниқланган камчиликлар юзасидан бошланғич касаба уюшма қўмиталари раисларига, филиалларнинг масъул ходимларига амалий ёрдам кўрсатилди.
Спорт тадбирларини мунтазам ташкил этилишини йўлга қўйиш, бўш вақтдан унумли фойдаланиш мақсадида ходимлар, шунингдек, тизимдаги акциядорлик жамияти, компания, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг раҳбарлари ҳамда катта ёшдаги ходимлари ўртасида мини-футбол мусобақаларини янада оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Кўп йиллар олдин таъсис этилган соҳа кўчма кубоги учун мини-футбол мусобақаси юқори савияда ўтказилди. Мазкур мусобақа тобора оммалашиб, вазирлик тизимидаги барча корхоналар ходимларини қамраб олди.
Жамоа шартномалари орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож ходимларни, яъни ногиронлиги бўлган шахслар ва ўзгалар парваришига муҳтож кишилар (корхонанинг собиқ ходимлари)га, пенсионерларга ҳамда ногирон фарзандини парвариш қилаётган оналар ёки оталарга байрамлар арафасида моддий ёрдам кўрсатиш масалалари юзасидан ҳар ойлик мониторинг олиб борилди.
Ахборот технологиялари ва оммавий коммуникацияларни ривожлантириш тизимидаги корхоналарда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш йўлга қўйилди. Жумладан, «Ўзбекистон почтаси» АЖ билан ўзаро ҳамкорлик келишуви имзоланиб, энг чекка туманлардаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи аҳолига қулай курьерлик хизматлари жорий этилиши натижасида янги иш ўринлари яратилди. Бу иш ўринларига қабул қилинган ходимлар касаба уюшма қўмитаси томонидан ҳимояга олинган.
Пандемия шароитида юртимизда юзага келган вазият ахборот технологиялари ходимларининг узлуксиз ишлаши ва меҳнаткашлар зиммасидаги ишга бўлган масъулиятни янада оширишни тақозо этди. Рақамли иқтисодиёт ривожланди. Шу даврда бирорта ходим ҳимоясиз қолмади, касаба уюшмалари иш берувчилар билан ҳамкорликда имкон қадар уларни моддий, маънавий, молиявий томондан қўллаб-қувватлади.
Ёшлар салоҳиятини юзага чиқариш, интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида эса тенгдошларига ўрнак бўлаётган ёш ходимлар қўллаб-қувватланяпти.
Беш мингдан зиёд соҳа ишчи-ходимлари, уларнинг оила аъзолари, меҳнат фахрийлари, эҳтиёжманд оилалар вакилларининг тарихий шаҳарларга саёҳатлари уюштирилди.
Бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти кучли бўлса, ходимнинг манфаатини ифода эта олса, юқори турувчи ташкилотларга ҳам ишонч ортади. Бу натижага эришиш учун бошланғич касаба уюшмаси ташкилотига кўмак, ҳужжат ишини юритишида амалий ёрдам бериш энг оқилона йўлдир. Уларга етказиб берилган тарқатма материаллар, албатта, ўз натижасини беряпти.
Соҳада фаолият юритаётган ходимларни доимий рағбатлантириш ва уларни зарур шароитларга эга турар-жойлар билан таъминлаш ишлари ҳам назардан четда қолмади. Энг улуғ ва энг азиз байрам – истиқлолнинг 30 йиллиги арафасида Тошкент шаҳрининг Яккасарой ва Шайхонтоҳур туманларида «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси ҳиммати билан қад ростлаган янги хонадонлар калитлари компанияда фаолият юритувчи илғор ходимларга тақдим этилди.
Қувонарлиси, олиб борилган ижобий ишлар ва эришилган ютуқлар негизида ишчи-ходимлар ҳимояси йўлида олдимизга қўйган вазифаларга сидқидилдан ёндашиш ётибди. Бу жиҳат алоҳида эътиборга олиниб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг «Касаба уюшмалари кунига 1 йил» эсдалик кўкрак нишони билан 21 нафар фаолимиз тақдирлангани ҳам қилаётган ишларимизга берилган юксак баҳодир.
Асрор ИШАНХОДЖАЕВ,
Ахборот технологиялари ва оммавий
коммуникация ходимлари касаба
уюшмаси Республика кенгаши раиси