Мамлакатимизда касаба уюшмалари тарихига 115 йил бўлди. Мустақил Ўзбекистонда эса касаба уюшмалари тузилганига 30 йил тўлди. Бу даврда касаба уюшмалари фаолиятида кўтарилишлар ва пасайишлар юз берди, лекин ҳеч қачон долзарблигини йўқотмади.
Айниқса, сўнги йилларда касаба уюшмалари жамиятимизнинг муҳим бир бўлагига айланди.
Ўтган 2020 йилнинг 11 ноябрь куни Касаба уюшмалари Федерацияси Қурултойига Муҳтарам Президентимиз табриклар йўлладилар ҳамда касаба уюшмалари академиясини очиб бердилар. “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги қонун билан кўплаб ваколатлар берилди. Касаба уюшмалари инспекцияси фаолияти қайта йўлга қўйилди.
Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба йилнинг 11 ноябрида касаба уюшмалари кунини нишонлаш белгилаб берилди. Албатта бу эътибор ва ғамхўрлик биз - касаба уюшмаларини ўз соҳамизни янада ривожлантиришга, жамиятимиз ривожи ва ходимлар манфаати йўлида янада шижоат билан, бор куч ва ғайратимизни сафарбар этиб ишлашга чорлайди.
Бугунги кунда тизимимизда 230 зиёд бошланғич ташкилотлар самарали фаолият кўрсатмоқда. Айни пайтда, касаба уюшмамиз ўз сафида 66 мингдан зиёд аъзоларни бирлаштириб, корхона ва ташкилотларда уларнинг касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга, муносиб меҳнат шароитларини яратишга чорлаб келмоқда.
Сўнгги йилларда меҳнат жамоаларида ходимларни ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш ишларида катта ўзгаришларга эришдик.
Бу ишларни амалга оширишда соҳамизнинг барча касаба уюшмалари ходимлари ва фаолларининг ҳамда ижтимоий шерикларимизнинг хизматлари катта!
Бугун юртимизда илк маротаба касаба уюшмалари кунини 1 йиллигини нишонлаш арафасида Республика кенгаши томонидан ўз ишларида фидокорона меҳнат қилаётган бир гурух касаба уюшмаси фаолларини рағбатлантириш тадбири ўтказилди.
Тақдирлаш тадбирида соҳамиз меҳнаткашларини ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, уларни моддий маънавий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий манфаатларини ифода этишда ижтимоий шерикликнинг барча принципларига амал қилинишини таъминланишида фидокорона меҳнат қилаётган 24 нафар касаба уюшмаси қўмитаси раислари ва фаоллари, касаба уюшмаларида кўп йил хизмат қилиб ҳозирда бошқа лавозимларда ишлаётган ва нафақа гаштини сураётган 33 нафар собиқ ходимларимиз Республика кенгашининг ташаккурномаси билан тақдирланди хамда 60 нафарига пул мукофотлари берилди.
Бундан ташқари, касаба уюшмаларида фаолият юритган 10 нафар вафот этган касаба уюшмалари раислар оилаларнинг ҳар бирига 2 млн. сўмдан моддий ёрдам пуллари топширилди.
Қувонарлиси, олиб борилган ижобий ишларимиз ва эришилган ютуқларимиз негизида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Касаба уюшмалари кунига 1 йил” эсдалик кўкрак нишони билан тизимимизнинг 21 нафар касаба уюшмаси фаоллари тақдирланди.
Шунингдек, тадбирда “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танлови, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш юзасидан ўтказилган республика кўрик танловининг “Энг яхши корхона” ҳамда “Энг яхши касаба уюшмаси қўмитаси” номинацияси ғолибларига диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Бундан ташқари, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида фаолият юритаётган корхоналар ходимларидан тузилган терма жамоалар ўртасида ташкил этилган мини футбол (футзал) бўйича кўчма Кубок учун республика мусобақалари ҳар йилдагидан ўзгача бўлиб, финал ўйинлари 11 ноябь куни илк маротаба нишонланадиган “Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” байрами арафасида ўтказилиши режалаштирилди. Йўлланмани қўлга киритган жамоалар финал мусобақасида зўр шиддат, тезлик, чаққонлик, эпчиллик, бирлик ва асосийсиз бирдамликни намоён қилган ҳолда ғолиблик супасига кўтарилди.
Мазкур тақдирлаш маросимида финал мусобақларида фахрли ўринларни қўлга киритган “Ўзбектелеком” АК “Тошкент шаҳар телефон тармоғи” филиали, АТ “Алоқабанк” ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси жамоалари ҳам муносиб тақдирланди.
Байрам арафасида тармоғимиз фаоллари жуда кўп ютуқларни қўлга киритди. Хусусан, куни-кеча касаба уюшмалари ўртасида ўтказилган спорт мусобақаларида ходимлармиз 3 та медални кўлга киритишга мияссар бўлишди. Умумжамоа ҳисобида эса 24 жамоа ўртасида фахрли 5 ўринга эга бўлди.
Ҳозирда байрам муносабати билан соҳадаги бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари тасарруфидаги цех, гурух касаба уюшмаси ташкилотчилари, касаба уюшмаси қўмиталари ҳамда тафтиш комиссияси аъзолари таркибидан касаба уюшмалари фаолиятида илғор меҳнат қилиб, ижобий натижаларга эришаётган 150 дан зиёд фаолларга “Фахрий ёрлиқ” ҳамда эсдалик савғалари топширилмоқда.
Мукофотларимиз ишимизга ярашадир, бундан кейин ҳам ишларимиз ҳам, ютуқларимиз ҳам кўпайиб бораверади.
Соҳамиз меҳнаткашлари касаба уюшмаси раиси этиб - энг одил, хақгўй, талабчан ва жонкуяр вакилини сайлаб унга ишонч билдирган. Сафимиз ана шундай инсонлар билан тўлган экан – фаолиятимиз факат аъло даражада бўлиши керак.
Бугунги кунда меҳнаткашларимиз қалбида шукуроналик туйғуси кундан кунга ошмоқда. Касаба уюшмалари олиб бораётган ҳар бир иш ва харакатлар замирида ҳар бир меҳнаткаш учун муносиб меҳнат шароитини яратиш, оиласи ва фарзандини келажагини таъминлашда кўмаклашиш, маънавий жихатдан соғломлиги ҳамда бахту-саодатини мужассамлаштиришга йўналтирилган.
Янги Ўзбекистон касаба уюшмалари олдига давр янги вазифаларни қўймоқда. Хусусан, меҳнаткашларимизнинг порлоқ ва буюк келажагини бунёд этиш, ёшларимизни қўллаб-қувватлаш, миллатимизни миллат қилиб турган юксак маънавий сифатларни ардоқлаб, уларни янада бойитиш, ривожлантириш ва дунёга кўрсата олиш каби вазифаларни адо этишда касаба уюшмалари фаоллик билан олға қадам ташламоқдалар.
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни яна бир бор Ўзбекистон касаба уюшмалари куни байрами муносабати билан чин дилдан табриклаймиз.
Барчангизга мустаҳкам соғлик, оилаларингизга файз-у барака, масъулиятли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилаймиз.