2020 йил 29 декабр куни Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида бу йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинди.
Президентимиз 2020 йил 25 декабр куни Ёшлар форумида юртимизда қандай ислоҳотларга қўл урмайлик, аввало, ёшларга, уларнинг куч-ғайратига ва азму шижоатига суянишини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Форумда жуда кўплаб соҳалар қатори ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси олдига ҳам бир қанча вазифалар қўйилди. Ана шу вазифалардан келиб чиққан ҳолда Республика кенгаши Вазирлик билан ҳамкорликда ўз олдига муҳим вазифаларни белгилаб олди.
Шундан келиб чиқиб, бугун 13 феврал куни Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари Технологик парки (ИТ Парк) мажмуа шоу-румида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири, Ахборот технолигиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси ҳамда соҳа компания, жамият, корхона, ташкилот ва муассасалари раҳбарлари билан Ахборот технологиялари ва коммуникация тизимларида фаолият юритаётган ҳамда соҳа тизимидаги ўқув юртларида таҳсил олаётган ёшлари ўртасида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Очиқ мулоқотда Вазир сўз олиб, қатор долзарб масалаларни ўртага ташлади. Хусусан, энг муҳим йўналишлардан бири ахборот технологиялари соҳасида етук кадрлар тайёрлаш эканини қайд этди. Чунки, дунё бўйлаб кун сайин янги ва янги ноу-хаулар юзага келмоқда, жаҳон иқтисодиётининг рақамлашуви ва бошқа кўплаб омиллар технологиялар соҳаси олдига юксак вазифаларни қўймоқда. Ана шу тенденцияни яхши тушунган тизим жамоаси мамлакат ёшларини жаҳон майдонида мустақил ва қатъий ёндашувига эга бўлган, маънавий ва жисмонан баркамол бўлиб етишишлари, замонавий юқори технологиялардан фойдаланиш кўникмаларини ошириш масалаларига катта эътибор қаратмоқда.
Учрашувда ёшларнинг ташуббуслари жуда муҳим эканлиги таъкидланди. Тизимда ёшлар билан алоҳида ишлашнинг самарали тизимини йўлга қўйиш, вазирлик тизимидаги раҳбарларга ёшлар масаласини ўзи учун устувор вазифа қилиб белгилаб олиши бўйича тавсиялар берилди.
Мулоқот давомида ёшлар томонидан соҳани ривожлантиришга оид таклифлар, мулоҳазалар билдирилди. Вазир Шуҳрат Содиқов улар томонидан билдирилган танқидий мулоҳазалар юзасидан соҳадаги тегишли корхоналар раҳбарларига топшириқ берар экан, айрим иқтидорли ёшларнинг таклифларини шахсан ўзи бафуржа кўриб чиқишга тайёрлигини, лозим топилса, уларнинг амалиётга жорий қилиниши устида иш олиб борилишини қайд этди.
Ёшларнинг мақсад-муддаоларини яқиндан билиш, уларни катта-катта ишларга сафарбар этиш мақсадида ташкил этилган ушбу мулоқот салкам уч соат давом этди, видеоконференсалоқа орқали вилоятлардаги ёшлардан ҳам долзарб таклифлар билдирилди.
Тадбир якунида Вазирлик стипендияси қўлга киритганларнинг ва ўз фидоий меҳнати учун Вазирлик томонидан миннатдорчиликка сазовор бўлган ёшларниниг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Очиқ ўтган мулоқотдан сўнг ёшлар учун IT-Парк ҳудуди бўйлаб экскурсия ташкил қилинди.