Жорий йилнинг 1 мартидан “Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази” Давлат унитар корхонаси тизимидаги ҳудудий филиаллари директорлари учун Тошкент вилояти, Қибрай туманида янгитдан барпо этилган “Навбаҳор” соғломлаштириш масканида 5 кунлик ўқув-семинар бошланди.
Ўқув-семинар жараёнидан бўш вақтларда иштирокчиларни соғломлаштириш ва бошқа маданий тадбирлар ўтказиш режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири томонидан ўқув дастури тасдиқланиб, мазкур ўқув дастури маъвзулари бўйича Олий Мажлис депутатлари, Сенаторлар, турли йўналишда фаолият юритаётган профессорлар, юқори малакали мутахассислар жалб этилган.
Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси А.Ишанходжаев томонидан ўқув машғулот иштирокчиларига бошланғич ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонуни, Тармоқ келишуви ва Республика кенгаши томонидан ишлаб чиқилган Услубий қўлланма чоп этилиб, барча бошланғич ташкилотларга етказилганлиги маълум қилинди.
Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси М.Хайдаров “РРТМ” ДУК Ягона жамоа шартномаси орқали ёш мутахассисларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси, меҳнат муҳофазаси бўйича дастлабки йўриқдан ўтказиш ҳамда уларни қўнимлилигини таъминлаш юзасидан тегишли тавсиялар берди.
Республика кенгаши бош мутахассиси Ю.Гапуров Касаба уюшмалари томонидан ходимларни ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимояси бўйича амалга оширилган ишлар, Жамоа келишувлари ва шартномаларини қабул қилиш тартиби, айниқса янги таҳрирдаги “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонунни ва 2019-2020 йиллар мобайнида қабул қилинган Фармонлар, Қарорлар мазмун-моҳиятини слайдлар орқали тушунтиришлар ҳамда амалга оширилиши тўғрисидаги вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Ўқув-семинар иштирокчилари томонидан берилган саволларга атрофлича ва амалдаги қонун ҳужжатлари асосида жавоб берилди.