“UNICON.UZ” - Фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази давлат унитар корхонасида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Касаба уюшмалари тўғрисида” қонунининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида давра суҳбати ўтказилди.
Кун тартибидаги масала юзасидан марказ касаба уюшмаси қўмитаси раиси Х.Расулова, юрисконсульт М.Тургунов ва Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникациялари ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг бош юрисконсульти А.Ахмедовлар йиғилиш қатнашчиларига атрофлича маълумот ва тушунтириш бердилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 24 октябрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2019 йил 30 ноябрда маъқулланган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида” Қонуни 2019 йил 6 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган. Ушбу Қонун 9 та боб 56 та моддадан иборат бўлиб, у кенгайтирилган ва мазмунан бойитилган ҳамда аввалги қонунга нисбатан бир қатор аниқ, тўғридан-тўғри амал қиладиган нормаларни ўз ичига олган.
Янги Қонунда касаба уюшмаларининг мустақиллиги янада мустаҳкамланган. Жумладан, Қонуннинг 12-моддасида, давлат касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлаши, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари, иш берувчилар касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаши, касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг фаолиятига аралашишга, шу жумладан уларнинг фаолияти тўғрисида бирор-бир ҳужжат тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмаслиги, касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг фаолиятини давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари, иш берувчилар ташаббусига кўра тугатишга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган.
“Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги қонунда жамоатчилик назоратини амалга оширишга алоҳида боб бағишланган бўлиб, унда жамоатчилик назоратининг турлари бирма-бир алоҳида-алоҳида моддаларда ёритилган.
Давра суҳбати интерфаол кўринишда савол ва жавоблар тариқасида ўтказилди.