Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Президентимизнинг Олий Мажлис ва халққа Мурожаатномаси ҳамда «Ёшлар форуми»да белгилаб берилган вазифалар юзасидан ёшлар тарбиясига масъул бўлган раҳбарлар учун давлат идоралари раҳбарлари иштирокида икки кунлик ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Мазкур ўқув-семинарда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов ҳамда АКТ соҳасида фаолият юритаётган ташкилот ва корхоналарнинг раҳбарлари иштирок этди.
Форумда Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси олдига бир қанча вазифалар қўйилгани маълум қилинди.
Жумладан, ёшлар ва масъуллар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатишга хизмат қилувчи «Ёшлар мурожаати» электрон платформасини яратиш, ёшларни АКТ соҳасига янада қизиқтириш, уларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида жорий йилда 100 дан зиёд шаҳар ва туманда Рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилади.
Шу билан бирга, Тошкент вилоятида Ахборот технологиялари университети филиали ҳамда барча ҳудудларда мазкур йўналишда техникумлар фаолияти йўлга қўйилади.
2021 йилдан бошлаб халқаро «IT» сертификатларини қўлга киритган ёшларга харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисмини қоплаб бериш вазифалари белгиланди.
Кейинги икки йилда «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида 300 минг ёшларни компьютер технологиялари йўналишида бепул ўқитиш, масофавий таълимни ва дарсларни онлайн ўтказиш имкониятини яратадиган «Онлайн, Рақамли, Хавфсиз ихтисослаштирилган мактаб», «Олий таълим жараёнларини бошқариш» ахборот тизимлар яратилади ва ишга туширилади.
Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Хоразм ва Наманган вилоятларида IT Парк филиаллари фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.
2020 йилда 14 та информатика ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган таянч мактаблари ташкил этилди ва жиҳозланди. Шунингдек, 2021 йилда — 82 та, 2022 йилда — 64 та ва 2023 йилда — 45 та ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилиши кўзда тутилган.
"Хабар" газетасининг 2021 йил 8-январдаги 1(1475)-сонидан олинган.