Бугунги кунда Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши олдида турган устувор вазифалардан бири бу - соҳа йўналишида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ходимларини ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашдан иборат.
Шу боис, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида соҳа тизимида янги ташкил этилаётган корхона ва ташкилотлар меҳнаткашларини ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш чоралари кўрилиб, меҳнат жамоаларида олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари негизида 50 тага яқин янги бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларини тузилишига эришилди.
Республика кенгашининг масъул ходимлари томонидан янги тузилган бошланғич ташкилот касаба уюшмаси қўмитасига биринчи галда амалдаги Бош ва Тармоқ, Тариф келишувлари асосида жамоа шартномаси лойиҳасини ишлаб чиқишда амалий ёрдам кўрсатилди.
Хали ташкил топганига кўп вақт ўтмаган янги тузилган бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан бугунги кунда илк тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Уларнинг бири, ёш авлодни китобхонликка бўлган қизиқишларини ошириш, маънавиятини ривожлантириш, ватанпарварлик туйғуларини, миллий қадриятлар ва анъаналарга бўлган ҳурматини мустахкамлаш мақсадида Олмазор тумани ахборот кутубхона маркази касаба уюшмаси томонидан 261-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 7-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган давра суҳбати бўлди.
Давра суҳбатида ўқувчилар ҳаммамиз учун севимли бўлган шоиримиз Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” деб номланган шеърий тўпламидан ўзлари ёқтирган мухаммаслар, достонлар, ҳажвиялар ва шеърлар ҳақида бир-бирлари билан ўзаро фикр алмашдилар.
Жорий йилнинг 21-декабрь куни Сергели тумани ахборот-кутубхона марказининг ўқув залида касаба уюшмаси ташкилоти томонидан "Зиё истаган қалблар учун" номли ўтказилган тематик кечада эл-юртимиз озодлиги ва эркинлиги йўлида халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни ҳимоя қилишда босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда қурбон бўлган Усмон Носир, Фитрат, Фурқат, Чўлпон, Абдулла Қодирий каби шоир-ёзувчилар хаёт йўллари, ижодлари билан ёшларимизни таништиришдан иборат бўлди.
Сергели тумани ахборот-кутубхона марказининг бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти ёш китобхонлар учун Эрнст Теодор Амадей Гофманнинг "Қарсилдоқ" номли китобнинг тақдимотини ташкиллаштирди.