Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг ўз олдига қўйган қатор мақсад-вазифаларидан бири бу соҳа тизимидаги корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган ёш мутахассислар ҳамда алоқа йўналишидаги таълим масканларида таҳсил олаётган ёшларимизни ижтимоий, иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, муносиб меҳнат шароитини яратиш ва бандлигини таъминлаш, сиёсий фаоллиги ва фуқаролик масъулиятини ошириш, уларни юртга садоқат руҳида тарбиялаш, ёш авлод камолоти ва улар салоҳиятини рўёбга чиқаришга интилиши ётади.
Бугунги кунда алоқа соҳаси корхона ва ташкилотларида фаолият юритаётган ҳамда таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшларимизни бирлаштириб турган “Ёшлар бирлашмаси” томонидан қатор ижобий ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Бугунги кун ёшлари турли жамоат ташкилотлари, маданий марказлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари ишида иштирок этиш орқали ўзларининг ижтимоий фаоллигини намоён қилишга интилмоқдалар.
Ёшларга оид давлат сиёсатининг мақсади ҳам ёшларнинг ижтимоий шаклланиши ва камол топиши, ижодий иқтидори жамият манфаатлари йўлида имкони борича тўла-тўкис рўёбга чиқиши учун ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, ташкилий жиҳатдан шарт-шароит яратиш ҳамда уларни кафолатлашдан иборатдир.
Албатта, истеъдоднинг юзага чиқиши, салоҳиятнинг намоён бўлиши учун муайян шароит ва имконият зарур. Мамлакатимизда ёшларга қаратилган эътибор ва ғамхўрлик натижаси ўлароқ, бугунги кунда ўзининг истеъдоди, салоҳияти билан жаҳон илм-фани, маданият, санъат ва спорт оламига дадил кириб бораётган ёшларимиз талайгина.
Ана шундай ёшларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети касаба уюшмаси қўмитаси томонидан “Спорт-саломатлик куни” шиори остида спортнинг оммавий турлари бўйича мусобақалар ташкил этилиб, ғолиблар муносиб рағбатлантирилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Зиё фарм ва Ўзбекистон тиббий кўнгиллилар жамияти томонидан “Хаётни қутқар” лойихаси остида масстер класс ўтказилди.
Амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатлар, фарзандларимизни Ватан туйғусини чуқур англайдиган, иродаси мустаҳкам ва юксак маънавиятли бўлиб камол топишларига хизмат қилади.
Ёшлар — ифтихоримиз. Улар эртанги кунимизнинг ишончи ва таянчи.
Шу боис навқирон авлодга ғамхўрлик кўрсатиш, уларни рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланган бўлиб, касаба уюшмаларининг доимий эътиборидадир!