ҲУҚУҚИЙ ҲИМОЯ – ДОИМИЙ ЭЪТИБОРДА

Мамлакатимизда амалга оширилаётган хуқуқий ислоҳотлар ва тубдан янгиланишлар самараси бугун жамиятимиз ҳаёти ва халқимиз турмушида яққол намоён бўлмоқда.

Инсон манфаатларини таъминлашга ва турли соҳаларда меҳнат қилаётган ходимларга кўрсатилаётган алоҳида эътибор, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли тизимли ишлар натижасида юртдошларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва ташаббускорлиги тобора ортиб бормоқда.

Давлатимиз раҳбарининг “...халқ билан узлуксиз мулоқот ва инсон манфаатлари учун хизмат қилиш, барча даражадаги раҳбарлар учун нафақат мажбурият, балки ҳаётий тамойилга айланиши шарт” деган сўзлари қатъий вазифа сифатида давлат идоралари ва жамоат ташкилотларининг зиммасидаги масъулиятни ҳам бир неча баробарга оширди.

Ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ўтган даврда соҳа ходимлари учун муносиб меҳнат шароитини яратиш, меҳнатга ҳақ тўлаш ва уни адолатли меъёрлаштириш, белгиланган тартибда кафолатланган иш ҳақи миқдорини кўпайтириб бориш, ижтимоий ҳимоя, ҳуқуқий ҳимоя ва ҳуқуқий саводхонликни ошириш каби масалаларга жиддий эътибор қаратиб, зарур чораларини кўрди.

Натижада иш ҳақининг тармоқ ва тариф келишувларида, жамоа шартномаларида белгиланган даражадан кам бўлмаслигини таъминлашга эришилди. Бу борадаги тадбирларни сифатли амалга оширишда тизимдаги бошланғич касаба уюшма ташкилотлари ҳам фаол иштирок этиб, ҳар бир масалага масъулият билан ёндашди.

Ҳудудларда ходимларнинг меҳнат ва бандлик соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, янги ва қўшимча иш жойларини яратиш бўйича мониторинг ўтказилди. Хусусан, “Ўзбекистон почтаси” АЖ тизимида амалга оширилган оптималлаштириш ишлари натижасида 50 фоизга яқин ходимлар сони қисқартириш, қолганларини эса тўлиқсиз штат бирликларига ўтказиш ҳолатлари аниқланди.

Юзага келган оғир вазиятни барқарорлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда “Ўзбекистон почтаси” АЖ рахбарияти билан ҳамкорликда почта алоқа бўлимларида замонавий ахборот технологияларини жорий этиш орқали хизматларнинг тури кенгайтирилди. Натижада ходимларни босқичма-босқич тўлиқ штат бирликларига ўтказиш ва иш жойларини қайта тиклашга эришилди.

Бошланғич ташкилотларнинг сайланма органлари фаоллари, касаба уюшмаси аъзолари ҳамда иш берувчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш мақсадида меҳнат хуқуқига оид 15 тадан ортиқ қўлланма ва йўриқномалар тайёрланиб, жойларга етказилди.

Корхона ва ташкилотларда меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши бўйича жамоатчилик комиссиялари фаолиятини йўлга қўйиш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида “Ўзбектелеком” АК ва “Ўзбекистон почтаси” АЖнинг филиалларида 100 тага яқин ўрганишлар ўтказилди, тайёрланган маълумотлар Республика кенгаши Раёсатининг 12 та йиғилишида муҳокама этилди ва тегишли қарорлар қабул қилиниб, ижроси назоратга олинди.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги алоқа корхоналаридаги меҳнат шароитлари, жамоа шартномалари орқали берилаётган имтиёзлар ва меҳнат муҳофазасига оид тадбирларининг бажарилиши борасида амалга оширилаётган ишлар танқидий-таҳлилий чуқур ўрганиб чиқилди. Бу жараёнда асосий эътибор чекка ҳудудлардаги  алоқа объектлари ва почта алоқа бўлимларида фаолият юритаётган ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш ҳамда мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни тезкорлик билан бартараф этишга қаратилди.

Бундан ташқари, жойларда ходимлар билан “Очиқ мулоқот” тарзида  кўплаб учрашувлар,  давра суҳбатлари ўтказилди. Мулоқотлар давомида ҳар бир ходимнинг фикр ва мулоҳазалари, таклифлари, уни қийнаётган масалалар хусусидаги мурожаатлари қабул қилиниб, уларга ечим топиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. Жумладан, Сурхондарё вилояти Ахборот кутубхона маркази ходимлари Н.Холмуродова ва бошқаларнинг меҳнат хуқуқлари тикланиб, улар ўз фаолиятларини давом эттирмоқдалар. Шунингдек, “Ўзбектелеком” АК Жиззах филиали ходимлари Ф.Авясова, С.Норбоев, “ТШТТ” филиали муҳандиси М.Норқулова, “Ўзбекистон почтаси” АЖ Қашқадарё филиали ходими И.Эмиров каби 30 га яқин соҳа ходимлари ҳам аввалги ишларига тикланди.

Ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини оширишга ҳамда қабул қилинган қонун хужжатлари бўйича тарғибот ишларини кучайтиришга жиддий эътибор берилди. Бу даврда ўтказилган ҳуқуқий мавзудаги тадбирлар, семинар, конференция, ўқув машғулотлари ва давра суҳбатлари  сони  192 тани ташкил этди.  Амалдаги қонун хужжатларини такомиллаштиришга ва янги қабул қилинаётган қонун ҳужжатларига 21 та ёзма таклифлар берилди. Жойларда аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш хақида иш берувчиларга  30 тадан ортиқ тақдимнома киритилди ва бажарилиши назоратга олинди.

Тармоқ таркибидаги йирик корхона ва муассасалар бошланғич ташкилотларига, юридик ҳамда кадрлар бўлими ходимларига меҳнат қонунчилигини қўллаш бўйича амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Ҳисобот даврида Республика кенгашида 201 та ёзма мурожаат, 579 та оғзаки (шахсий қабул ва телефон орқали) мурожаат ҳамда  бошланғич ташкилотлардан тушган 138 та хат ва аризалар  кўриб чиқилди.

Таъкидлаш жоизки, кенгашга келиб тушган мурожаатларнинг 90 фоиздан кўпроғи қаноатлантирилди. 20 нафардан ортиқ ходимларнинг меҳнат хуқуқлари судларда ҳимоя қилиниб, ижобий натижаларга эришилди.

Республика кенгашига тушган мурожаатларнинг таҳлилига кўра, корхона ва ташкилотларда ходимларнинг меҳнатига ва меҳнат муҳофазасига оид қонун хужжатларига қатъий риоя қилиш, юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, меҳнат ва ижро интизомини таъминлаш бўйича касаба уюшма бошланғич ташкилотларининг жамоатчилик назорати талаб даражасида эмас.

Ходимларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоялашга бундан буён ҳам бор эътиборимизни қаратамиз. Республикамизда амалга оширилаётган кенг кўламли хуқуқий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини бевосита меҳнат жамоаларида тушунтириш ишларини  тизимли равишда олиб боришимиз зарур.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 259-266-моддаларига асосан корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган меҳнат низолари бўйича комиссияларнинг аъзоларини, юридик ҳамда кадрлар бўлими ходимларини ҳамда касаба уюшма бошланғич ташкилотларнинг янги сайланган раҳбарлари ва фаолларининг малакасини ва меҳнат қонунчилигини қўллаш бўйича кўникмасини оширишга алоҳида эътибор қаратамиз.  

 Зеро, ушбу вазифалар – фаолиятимизнинг олий мақсади  ва устувор йўналишлари ҳисобланади.

Асрор ИШАНХОДЖАЕВ,

 Ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация

ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси