ҲАР БИР ХОДИМ ЭЪТИБОРДА

“COVID-19” пандемиясига қарши курашда барча бирдек оёққа турди. Карантин пайтида аҳолини ҳам руҳан, ҳам моддий томондан қўллаб-қувватлаш, айниқса, кексаларнинг ҳаёт даражасини яхшилаш, меҳнат фахрийларига ижтимоий ва тиббий хизмат кўрсатиш ҳар бир ташкилотнинг устувор вазифасига айланди.

“Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясининг “Тошкент шаҳар телефон тармоғи” филиали касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ҳам пандемия даврида эзгу ишлар амалга оширилди.

Жумладан, “ТШТТ” филиалида 50 нафар алоқа соҳасида  фидойилик билан меҳнат қилиб нафақага кетган ёлғиз, ногирон, бетоб ётган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож нуронийлар озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди. Бундай хайрли ишлар байрамларда ҳам давом этди. Масалан, жорий йилнинг 9 май санаси арафасида Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан меҳнат фронтида жонбозлик кўрсатган ва ҳалол меҳнати  билан “ТШТТ”  филиалида фаолият юритиб, нафақага чиққан тўрт нафар фахрийга байрамона кайфият улашиш учун гулдасталар, қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.

 Ёшларнинг салоҳиятини юзага чиқариш, интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида эса филиалда фаол фаолият олиб бориб, тенгдошларига ўрнак бўлаётган ёш ходимлар 30 июн – Ёшлар куни байрами муносабати  билан  фахрий ёрлиқлар ва пул маблағлари билан тақдирланди. Ундан сал олдинроқ ишчи-ходимларнинг ижтимоий ҳимояга ва парваришга муҳтож фарзандларига Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунини кутиб олиш ва уни ўтказиш мақсадида  тақдим этилган рўйхатга асосан моддий ёрдам ажратилди.

Ходимлар ўртасида коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва  саломатлигини таъминлаш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ички имкониятдан келиб чиққан ҳолда, босқичма-босқич бугунги кунда иш жойларида фаолият юритаётган барча ходимлар ўрнатилган тартибда короновирус инфекциясини аниқлаш бўйича, тиббиёт муассасаси билан тузилган шартномаларга асосан, ПЦР (полимераза занжири реакцияси) таҳлилини топширишди.  

Республикамиз бўйлаб туристик саёҳатлар уюштириш, мамлакатимизда туризмни изчил ривожлантириш истиқболлари, сайёҳлик объектларидан самарали фойдаланиш, юртимизнинг диққатга сазовор жойларига сайёҳлик кўламини ошириш мақсадида     жорий йилнинг сентябр  ва октябр ойларида “Тошкент шаҳар телефон тармоғи” филиал ва унинг тасарруфидаги боғламаларда ишлаётган тажрибали ва малакали 98 нафар ходим учун Afrosiyob поездида Бухоро шаҳрига саёҳат ташкиллаштирилди.

 Шу билан бирга, маънавий тадбирлар ҳам мунтазам равишда ўтказиб борилмоқда. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 31 йил тўлиши ва мазкур сана жорий йилда илк марта Ўзбек тили байрами сифатида нишонланиши муносабати билан 15 октябр куни “Тошкент шаҳар телефон тармоғи” филиалида карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда Тошкент вилояти “Турон” ахборот-кутубхона маркази билан ҳамкорликда “Тил миллат кўзгуси” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Суҳбат  давомида тадбир иштирокчиларига мавзуга оид саволлар берилди ва фаол қатнашганларга касаба уюшмаси томонидан эсдалик учун китоблар совға қилинди.

                                                                                    

Ж.АБДИМЎМИНОВ,

“ТШТТ” филиали  касаба уюшмаси қўмитаси раиси