ИЖТИМОИЙ ШЕРИКЛИК АМАЛДА

Ягона жамоа шартномаси орқали меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, уларни бандлигини таъминлаш, меҳнат муҳофазаси йўналишидаги ишлар сифатини ошириш, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари турмуш фаровонлигини яхшилаш борасида ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда.

Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ижтимоий шериклик тамойили асосида “Ўзбектелеком” АК билан ҳамкорликда Ягона жамоа шартномаси орқали меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, уларни бандлигини таъминлаш, меҳнат муҳофазаси йўналишидаги ишлар сифатини ошириш, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари турмуш фаровонлигини яхшилаш борасида ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 13-17 январь кунлари “Ўзбектелеком” АК тизимидаги филиаллар директорлари ва бош бухгалтерлари учун ташкил этилган ўқув-семинар машғулотларида Республика кенгаши маъсул ходимлари ҳам иштирок этиб, 2019 йил мобайнида Ягона жамоа шартномасида белгиланган вазифаларни бажарилиши, айрим ҳолларда йўл қўйилган камчиликлар ва уларни бартараф этиш масалаларида тегишли тавсиялар берилди.

Ходимларни ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашда  жамоа келишувлари ва шартномалари муҳим аҳамиятга эга эканлигини инобатга олиб, уларни янги муддатга қабул қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан Тармоқ келишуви, “Ўзбектелеком” АК Ягона жамоа шартномасини 2020-2022 йилларга мўлжалланган лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида икки томонлама комиссиянинг дастлабки муҳокамаларини эътиборга олиб, амалдаги имтиёзларни келгуси йилларда ҳам амалга ошириш режалаштирилди.

Ўқув машғулоти иштирокчилари томонидан 2020-2022 йилларга мўлжалланган “Ўзбектелеком” АК Ягона жамоа шартномаси лойиҳасига филиаллар меҳнат жамоалари томонидан берилган таклифлар юзасидан жуда самарали фикр алмашилинди.

Келгусида ходимларни ҳуқуқий ҳимояси юзасидан ишларни янада самарали олиб бориш учун Ўқув-семинар иштирокчиларига Республика кенгаши томонидан ишлаб чиқилган “Корхона раҳбари ва касаба уюшмаси қўмитаси раиси учун эслатма” брошюра тақдим этилди. 

Янги тахрирдаги “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳияти тўғрисида, айниқса касаба уюшмалари инспекциялари борасида тушунтиришлар берилди.

2020 йил мобайнида барча бўғиндаги касаба уюшмалари ташкилотларида ҳисобот-сайловлари ўтказилиши муносабати билан ижтимоий шериклик тамойили асосида амалга ошириш ҳамда ходимларнинг ижтимоий ва ҳукукий ҳимоясини таъминлаш борасидаги ишларни тезкорлик билан таҳлил этиш, мавжуд  муаммоларни зудлик билан бартараф этишга қодир бўлган, меҳнат жамоаси аъзолари ўртасида обрў-эътиборга эга, малакали ва ташаббускор ходимларни касаба уюшмаси органлари таркибига сайлаш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

Шунингдек, тадбир иштирокчиларига “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурининг бажарилиши юзасидан қисқача маълумот берилди.

Бошланғич касаба уюшмаси қўмиталари тегишли иш берувчилар билан ҳамкорликда Тармоқ, Тариф келишувлари ва жамоа шартномалари асосида олиб борган ижобий ишлари негизида белгиланган режа-тақсимот ортиғи билан бажарилишига эришилди.

Хусусан, "Ўзбектелеком" АК тизимида қуйидаги ишлар амалга оширилди:

-пенсия ёшидаги шахсларга пенсияга чиқишдан олдин бир йўла моддий ёрдам бериш ва уларни қимматбахо совғалар билан тақдирлаш мақсадида жами 263 нафар ходимга 502 млн. 544 минг сўм, шундан 494 млн.  730 минг сўм иш берувчи ҳамда 7 млн. 814 минг сўм касаба уюшмаси маблағи йўналтирилди.

-ходимларга юбилей саналари муносабати билан қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантириш мақсадларига жами 464 нафар ходимга  643 млн. 111 минг сўм, шундан 619 млн. сўм иш берувчи ҳамда 24 млн. сўм касаба уюшмаси маблағи сарфланди.

-ишламайдиган пенсионерлар(корхонанинг собиқ ходимлари)нинг жами 2442 нафарига 356 млн. 796 минг сўм, шундан 292 млн. 796 минг сўм иш берувчи, 64 млн. сўм касаба уюшмаси маблағи ҳисобидан моддий ёрдам кўрсатилди. 

Ўтган 2019 йил давомида касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан меҳнат қонунчилиги талабларига ҳамда Халқаро меҳнат ташкилотининг асословчи конвенцияларига риоя этиш, иш ҳақини ўз вақтида тўланиши, энг кам меҳнат ҳақи Ягона тариф сеткасининг биринчи разряди ставкасидан кам бўлмаслиги устидан назоратни кучайтириш, меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг тариф қисми ва тарифга қўшимча қисми ўртасидаги мақбул нисбатни жамоа шартномалари воситасида ўрнатилишини таъминлаш ишларига ҳам эътибор қаратилди.

Натижада Вазирлик бўйича ўртача ойлик иш ҳақи ўткан йилга нисбатан 1,4 баробарга, ушбу кўрсаткич “Ўзбектелеком” АК бўйича 1,5 баробарга ўсишига эришилди.

Келгусида “Ўзбектелеком” АК маъмурияти билан ҳамкорликда асосий эътибор ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, ҳуқуқий маданиятини ошириш, меҳнат муносабатлари, бандлик ва меҳнат муҳофазасига оид қонун ҳужжатларида назарда тутилган кафолатларни Ягона жамоа шартномаси орқали янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга қаратилди.