“Ўзбектелеком” Акциядорлик компаниясининг Самарқанд филиалида 2017-2019 йиллар учун тузилган Ягона жамоа шартномасининг 2019 йил биринчи ярим йилликда бажарилиши якунларига бағишланган меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши видеоселектор орқали филиалнинг 15 та шаҳар ва туман телекоммуникация боғламалари меҳнат жамоаси аъзолари иштирокида ўтказилди.
Кун тартибида Самарқанд филиали томонидан 2017-2019 йиллар учун тузилган Ягона жамоа шартномасининг 2019 йил 6 ойда бажарилиши якунлари тўғрисидаги ҳамда мазкур Ягона жамоа шартномасининг бажарилиши юзасидан текширув Далолатномани тасдиқлаш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.
Кун тартибидаги масалалар бўйича Иш берувчи номидан филиал директори Х.Равшанов ҳамда касаба уюшма қўмитаси раиси Н.Махмудоваларнинг ахборотлари тингланди.
Берилган маълумотларга кўра, Ягона жамоа шартномасида белгиланган мажбуриятлар тўлиқ бажарилганлиги натижасида ходимлар ҳар ойда ўрта ҳисобда 750,0 минг сўм миқдорида қўшимча даромад олганлиги қайд этилди.
Видеоселектор орқали “Очиқ мулоқот” тарзида ўтказилган давра суҳбатида Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси М.Ҳайдаров ҳамда “Ўзбектелеком” АК касаба уюшмаси мутахассиси Ж.Хакимовлар иштирок этиб, ходимларни қизиқтираётган саволлар, таклиф ва мулоҳазалар юзасидан ўз фикрларини билдиришди.
Шунингдек, филиал фаолиятида ёш мутахассислар иштирокини самарали ташкил этиш ва ёшларни ижтимоий ҳимоялаш масаласи ечимини топиш мақсадида, иш берувчи билан ижтимоий ҳамкорликни янада самарали олиб бориш, ходимларга меҳнат шароитларини янада яхшилаш, улар ўртасида спорт-соғломлаштириш ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилишини тизимли йўлга қўйиш юзасидан таклифлар беришди.
“Ўзбектелеком” АК Самарқанд филиали
Касаба уюшма қўмитаси раиси
Назокат Махмудова