Олий таьлим муассасалари битирувчи талабаларининг меҳнат муҳофазаси бўйича билимларини янада ошириш, келгуси иш фаолиятларида дуч келадиган соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларига эга бўлиш, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ходисалар ва касб касалликлари бўйича тушунчаларга эга бўлишлари ҳамда талабаларни касаба уюшмалари фаолиятига кенг жалб этиш, рағбатлантириб бориш ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг 2019 йил 23 февралдаги 12-33 “с”-сонли қарори ижросини таьминлаш мақсадида Мухаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида Тошкент шаҳрида жойлашган олий таьлим муассасаларида техник мутахассислик бўйича таҳсил олаётган битирувчи талабалар ўртасида “Сиз меҳнат муҳофазасини биласизми?” танлови юқори савияда ташкил этилди.
Танловнинг саралаш босқичида ҳар бир таьлим муассасасининг битирувчи талабаларидан яьни 6 нафардан иборат жамоалари ўз чиқишлари билан иштирок этишди. Ушбу танловда иштирокчи жамоалар 3 та шарт асосида баҳс олиб боришди, танлов эса юқори савияда, холислик ва шаффофлик асосида ташкил этилди.
Танловнинг биринчи шартида-гуруҳлар ўзи таҳсил олаётган олий таьлим муассасасидаги ҳамда талабаларнинг амалиёт ўтаган корҳона-ташкилотнинг шароитлари, меҳнат муҳофазаси бўйича ижобий ишлар, илмий ижод ва малакавий изланишлар учун мавжуд имкониятлар, сўнгги йилларда касаба уюшмаси тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириб беришди, шунингдек, жамиятда ижтимоий ҳимояни юксалтириш ҳамда ёш ходимларга берилаётган имтиёзларни кўргазмали тарзда намойиш этишди.
Иккинчи шартда- “Меҳнат муҳофазаси бўйича билимларини аниқлаш” бўлиб, унда ҳар бир гуруҳ сардори танловнинг ташкилий ишчи гуруҳи томонидан тайёрланган махсус саволларга жавоб беришди.
Учинчи шартда- “Уй вазифаси” шартида гуруҳлар жамиятда учрайдиган айрим меҳнат муҳофазаси бўйича муаммоларни саҳна кўринишлари орқали намойиш этишди.
Танловда кўйидаги олий таьлим муассасалари иштирок этишди:
6-ўрин: Ислом Каримов номидаги техника университети;
5-ўрин: Гупкина номидаги Россия давлат нефт ва газ университети Тошкент филиали;
4-ўрин: Мухаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети;
3-ўрин: Тошкент темир йўллар муҳандислиги университети;
2-ўрин: Тошкент автомобил йўлларини лойиҳалаштириш институти;
1-ўрин: Тошкент Давлат Аграр университети.
Ғолиблар бирлашманинг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.