Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг 2018 йил 29 декабрдаги 12-17 “о сон Раёсат қарори асосида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация Кенгашининг Ўқув марказида тизимдаги бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларининг хотин-қизлар комиссиялари ва аъзолари учун беш кунлик ўқув машғулоти ташкил этилди.
Ташкил этилган ўқув машғулотлари хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ҳамда ҳуқуқий саводхонлигини оширига қаратилиб, биринчи навбатда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган устувор йўналишлар мухокамаси билан бошланди.
Машғулотлар интерактив усулда ташкил этилиб, унда корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган хотин-қизлар билан ишлаш борасидаги устувор вазифалар, меҳнат соҳасида ижтимоий шериклик асослари, бандлик ва ижтимоий ҳимоя соҳасида хотин-қизлар комиссияларининг вазифалар хусусида машғулотлар ўтказилди.
Бундан ташқари, машғулотларда ижтимоий суғурта маблағларидан мақсадли фойдаланиш, хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенцияларнинг мазмун-моҳияти, касб касалликларининг келиб чиқиши, диагностикаси, экспертизаси ва реабилитацияси, жамоа-шартномаларида хотин-қизлар учун белгиланган имтиёзлар мавзуларига алоҳида урғу берилди.
Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 87-Конвенцияси, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ПФ-5325 Фармони аҳамияти, оилада шахслараро муносабатлар психологияси каби мавзуларда батафсил тушунтиришлар берилди.
Ташкил этилган ўқув машғулотлар билан биргаликда тингловчилар учун маданий тадбирлар ҳам ташкил этилди. Галдаги маданий тадбирлар негизида тажриба алмашиш мақсадида тингловчилар Тошкент телеминорасига ташриф буюриб, у ердаги хотин-қизлар комиссияси фаолияти билан танишиш имконига эга бўлдилар. Шунингдек, “Муқимий” номидаги Ўзбек давлат мусиқа театрида “Асил хазина” мусиқавий комедиясини томоша қилдилар.
Машғулотлар сўнгида 5 кун давомида ўтилган мавзулар бўйича тест синовларидан аъло даражада ўтган 18 нафар тингловчиларга гувоҳномалар топширилиши қаторида, жойларга борганда комиссия ишини янада жонлантириш, хотин-қизларни ҳуқуқий, ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, маданий-маърифий, спорт-соғломлаштириш борасида олиб бораётган ишларини самарадорлигини янада кўтариш борасида қатор вазифалар билан кузатилди.
Ўйлаймизки 5 кун давомида турли мавзуларда хотин-қизлар комиссияси раисилари ва аъзолари учун берилган ҳуқуқий маълумотлар уларнинг иш фаолиятини янада яхшилашга хизмат қилади.