“ДАРЁГА АЙЛАНДИ “ПРОФСАЮЗ”ЛАР...”

Рақамли технологиялар вазирлигида Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмасининг X Қурултойи бўлиб ўтди.

Дастлаб тармоқ ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Асрор Эшонхўжаевнинг 2020 йилнинг августидан 2025 йил августигача бўлган фаолият юзасидан ҳисоботи тингланди. 

Таъкидланишича, аъзолик афзалликларининг янги шаклларини ишлаб чиқиш, касаба уюшмаларига иқтисодиётнинг нодавлат сектори ходимларини кенгроқ жалб қилиш натижасида ҳисобот даврида 236 та ташкилотда фаолият юритувчи 17219 нафар ходим аъзоликка қабул қилинди. Натижада тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши хизмати доирасида бўлган ташкилотлар 404 тани, уларда фаолият юритаётганлар 85533 нафарни ташкил этиб, бу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 28,5 фоизга ўсишига эришилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси комплекс интеграллашган ахборот тизими (kiat.kasaba.uz)га соҳа йўналишида фаолият юритаётган корхона, ташкилот ва муассасалар жамоа шартномалари босқичма-босқич жойлаштирилди.

Муносиб иш ҳақи бериш, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож ходимларнинг Тармоқ жамоа келишувлари ва шартномалари орқали қўшимча моддий қўллаб-қувватланиши натижасида ўртача тўланган ойлик иш ҳақи миқдори йилдан йилга ўсишига эришилди.

Ёшларни, аёлларни ва меҳнат бозорида рақобатлашиш имконияти чекланган шахсларни иш билан таъминлаш, янги ва қўшимча иш жойларини яратиш, аҳолига сифатли ҳамда қулай алоқа хизматини кўрсатувчи кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш бўйича ҳар қандай ташаббускорликни, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этилди.

Ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ва маданиятини ошириш ҳамда қабул қилинган қонун ҳужжатлари бўйича тарғибот ишларини олиб боришга алоҳида эътибор қаратилди.

Бошланғич касаба уюшмаси қўмиталари ҳамда меҳнат низолари комиссияси аъзолари учун 15 тадан ортиқ қўлланмалар (брошюра, йўриқнома, тушунтириш ва эслатма) тайёрланди.

Тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан соҳа ходимларининг 157 та ёзма ҳамда 300 та оғзаки мурожаати, корхоналар ва бошланғич ташкилотлардан тушган 138 та хат (ҳужжат)лари  белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, тегишли жавоблар берилди.

Рақамли технологиялар вазирлиги ва тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши ўртасида корхона, ташкилот ва муассасаларда “Меҳнат шароитларини янада яхшилаш, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ва касб касалликларининг профилактикаси” бўйича чора-тадбирлар режаси тизимли равишда ишлаб чиқилди ва бажарилиши юзасидан жамоатчилик назорати ҳамда мониторинги олиб борилди. Корхона ва ташкилотларда меҳнат муҳофазаси бўйича сайланган вакилларнинг 415 нафаридан 216 нафари ўқитилди.

“Маърифат соатлари”нинг тизимли ўтказилиши йўлга қўйилиши натижасида уларда қарийб 53 минг нафарга яқин ишчи-ходимнинг иштироки таъминланди.

 2021-2024 йиллар ёз мавсуми давомида соҳа ходимлари фарзандларининг 7552 нафари “Ўзбектелеком” АК тасарруфидаги оромгоҳларда, 2325 нафари ҳудудлардаги бошқа соғломлаштириш масканларида, шунингдек, 1057 нафари Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти қошидаги оромгоҳларда соғломлаштирилди.

2020-2024 йилларда санаторийларда 2 642 нафар киши соғломлаштирилди. Шу жумладан, 294 нафар ходимга бепул йўлланмалар берилди.

Корхона, ташкилот ва муассасалар ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзоларининг спорт-соғломлаштириш билан мунтазам машғул бўлиши учун шарт-шароитни яхшилаш, маданий-маърифий ишлар бўйича оммавий тадбирларни ўтказишга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, мини футбол мусобақасининг турли босқичларида соҳа корхона ва ташкилотларининг 5,5 мингдан зиёд ходимларидан иборат жамоалар иштироки таъминланди.

Ёшлар ўртасида экологик маданиятни ривожлантириш мақсадида “Экотуризм” акцияси, “Шахмат”, “Ўзбектелеком” АК филиаллари ҳамда ТАТУ ва унинг филиалларида “Киберспорт” бўйича мусобақалар, “Раҳбар ва ёшлар” учрашувлари, “Заковат”, “Business Quiz” вa “UzQuiz” интеллектуал ўйинлари, ишчи касбларни оммалаштириш, иқтидорли ёш мутахассисларни аниқлаш, уларнинг касбий маҳорати ва билим даражасини ошириш мақсадида “Энг фаол электромонтёр” танлови ўтказилди.

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида 25 мингдан зиёд ишчи-ходимлар, уларнинг оила аъзолари, меҳнат фахрийлари, эҳтиёжманд оилалар вакилларининг тарихий шаҳарларга ҳамда ўз ҳудудларидаги диққатга сазовор қадамжоларга саёҳатлари уюштирилди.

Хорижий ва мустақил ҳамдўстлик давлатлардаги турдош касаба уюшмалари ўртасида ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилди. Россия, Қирғизистон, Молдова ва Озарбайжон алоқа ходимлари касаба уюшмалари билан меморандум, Беларус алоқа ходимлари касаба уюшмаси билан шартнома, Тожикистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси ҳамда “Қозоғистон ахборот, алоқа ва телекоммуникация соҳаси ходимлари касаба уюшмаси” жамоат бирлашмаси билан келишувлар имзоланди. 2022 йилдан UNI Global Union халқаро касаба уюшмалари ташкилотига аъзоликка қабул қилинди.

Қурултойда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” газеталари Бош муҳаррири, сенатор Ҳусан Эрматов ҳамда бошқалар сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Айниқса, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори, сенатор Абдусаид Кўчимов дилидаги гапларни қуйидагича ифодалади:

...Бир дарё шарқираб кирди ватанга,

Дарёдек жўшмоқда бугун воизлар.

Дарёлар кўпирди ҳар тонг ҳар жонда,

Дарёга айланди “профсаюз”лар...

Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг ҳисобот давридаги фаолияти қониқарли деб баҳоланди.

Муқобиллик асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилган сайловда кенгаш раиси ва унинг ўринбосари лавозимларига иккитадан номзод кўрсатилди. Сайлов натижаларига кўра, Асрор Эшонхўжаев навбатдаги муддатга Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси, Анвар Аҳмедов унинг ўринбосари лавозимига сайланди. Шунингдек, Республика кенгаши таркиби, тафтиш комиссияси аъзолари, раиси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг IX Қурултойига делегатлар ҳамда Бош Кенгаш таркибига вакиллар ҳам сайлаб олинди.

Салим АБДУРАҲМОНОВ

“ISHONCH”