Ўзбекистонда рақамли технологиялар ва ахборот хавфсизлиги соҳасини ривожлантиришга қаратилган яна бир муҳим қадам ташланди. «UNICON.UZ» Фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази қошида «Янги рақамли технологияларни ўқитиш маркази» ва «Криптология мактаби» ишга туширилди.
Ушбу таълим марказларининг очилиш маросимида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов иштирок этди.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 5-октабрдаги «Рақамли Ўзбекистон-2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини ҳаётга тадбиқ этиш доирасида ушбу икки муассаса мамлакатимизда рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш, юқори малакали IT мутахассисларини тайёрлаш ва ахборот хавфсизлиги соҳасидаги илмий салоҳиятни оширишга салмоқли ҳисса қўшади.
«Янги рақамли технологияларни ўқитиш маркази» – бу замонавий рақамли ечимлар, сунъий интеллект (AI), булутли технологиялар ва DevOps, дастурий таъминот ишлаб чиқиш, буюмлар Интернети ((IoT), Big Data ва маълумотларни таҳлил қилиш (Data Science), рақамли маркетинг ва Интернет орқали савдо (e-commerce) каби йўналишларда таълим беришга ихтисослашган марказ ҳисобланади. Марказда илғор ўқув дастурлари, халқаро тажриба ва амалий кўникмаларни қамраб олган ўқитиш тизими жорий этилади. Унда талабалар, соҳа мутахассислари ва ёш дастурчилар учун юқори тажрибали тренер-мураббийлар раҳбарлигида ўқув машғулотлари олиб борилади.
«Криптология мактаби» — криптологиянинг илмий йўналишлари, криптография ва криптотаҳлил алгоритмлари, ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик соҳаларига ихтисослашган таълим маскани бўлиб, бу йўналишдаги илмий-тадқиқот ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Мактабда нафақат криптология бўйича оммавий саводхонликни ва мутахассисларнинг малакасини ошириш, балки талаба-ёшлар ва соҳада илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчилар учун ҳам кенг имкониятлар яратилади.
Ушбу ташаббуслар Ўзбекистон Республикаси Президентининг рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, ёшларни замонавий IT ва ахборот хавфсизлиги соҳаларига жалб этиш, миллий кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилган ислоҳотлари доирасида амалга оширилмоқда.
Маълумот учун: UNICON.UZ З Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги қошида 1992 йилда таъсис этилган етакчи Фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари марказидир. 30 йилдан зиёд вақт мобайнида марказ рақамли технологияларни ривожлантириш, инновацияларни жорий этиш, шунингдек, илғор ахборот технологиялари хизматларини тақдим этиб келмоқда. Жумладан, Дата-марказ хизматлари, E-Xat, Электрон рақамли имзолар, ЭРИ калитлари, ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, аппарат ва дастурий қурилмаларни ишлаб чиқиш, криптомодулларни интеграциялаш ва ўрнатиш, илмий-тадқиқот ишлари, телекоммуникация ва маиший техника техник воситаларининг лаборатория синовлари, норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш, телекоммуникация техник воситаларини сертификатлаштириш ва бошқалар.
Маълумот digital.uz сайтидан олинган.