Мини футбол(футзал) бўйича кўчма кубок учун Тошкент шаҳридаги корхоналар ўртасидаги турнир якунланди.
Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамкорликда 25 йил мобайнида соҳа корхонлари ходимлари ўртасида мини футбол (футзал) бўйича мусобақаларини тизимли равишда ўтказиб келмоқда.
Рақамли технологиялар соҳасидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият юритаётган ходимлар ўртасида турли хил спорт мусобақаларини ўтказиш орқали соғлом турмуш тарзини шакллантириш, жисмоний тарбия машғулотлари билан шуғулланишлари учун яратилган шароитлардан оқилона фойдаланиш, жисмоний тарбия ва спортни соҳа ходимларининг кундалик турмуш тарзига айлантириш ҳамда янада оммалаштиришга йўналтирилган.
Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазири, Ташкилий қўмита раиси томонидан тасдиқланган Ташкилий қўмита қарори билан, Тошкент шаҳридаги Рақамли технологиялар соҳасида фаолият юритаётган корхоналар ходимларидан тузилган жамоалар ўртасида 2025 йил 1 – 3 май кунлари Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети спорт залида мини футбол (футзал) бўйича мусобақалар юқори савияда ўтказилди.
Қизиқарли ўтказилган ўйинлар натижасида “Ўзбекистон почтаси” АЖ “Тошкент почтамти” филиали, “Ўзбектелеком” АК “Марказий” филиали ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети жамоалари ғолиб бўлиб республика финал босқичи мусобақасида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритишди.
Шунингдек, мусобақанинг “Ўтиш” турнири якуни бўйича “Alskom” жамоаси 1-ўрин, “Uzpost” жамоаси 2-ўрин, “Aloqabank” ва “Uztelecom” жамоалари 3-ўринни эгаллашди.
Мусобақанинг барча иштирокчилари Ташкилий қўмита томонидан эсдалик совғалар билан тақдирланди.