ОРТИҚЧА САВОЛГА ЎРИН ҚОЛМАДИ

Алоқа тарихи музейида Ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши “Бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларида ҳисобот-сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни Низом талаблари асосида ўтказиш” мавзусида ўқув-семинар ўтказди.

Тадбирни тармоқ ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Асрор Ишанхўжаев очиб, ўтган беш йиллик фаолият мобайнида касаба уюшмалари томонидан аъзолар манфаати йўлида амалга оширилган ишлар ва  олдинда турган долзарб жараён – ҳисобот-сайловлар юзасидан сўз юритди.

Шундан сўнг мавзу юзасидан маъруза тингланди. Ҳисобот-сайлов конференциясини олиб бориш, бошланғич касаба уюшма қўмитаси таркиби ва раисини, тафтиш комиссиясини сайлаш каби жараёнлар слайд ёрдамида тушунтирилди.

– Бу йилги сайловларда қатор янгиликлар киритилган. Буни бошланғич ташкилотларга етказишимизда ушбу тадбирнинг аҳамияти катта бўлди. Айниқса, ҳисобот-сайловлар жараёни амалий тарзда кўрсатиб ўтилгани йиғилганлар учун қизиқарли бўлиб, ортиқча саволларга ўрин қолдирмади, – дейди Республика кенгашининг ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича бош мутахассиси Юнус Гапуров.