МУҲИМ МАВЗУЛАРДА СЕМИНАР

Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро вилояти ахборот – кутубхона марказида Бухоро вилояти ҳудудидаги алоқа тизими корхона-ташкилотлари, вилоят, шаҳар ва туман АКМ лари касаба уюшма қўмиталари раислари ва масъул ходимлари иштирокида Ўзбекистон Республикаси янги Меҳнат Кодекси ҳамда “Мехнатни мухофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуни мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш ва тарғиб этишга бағишланган ўқув семинари ўтказилди.

Маълумки,  Меҳнат кодекси ходимлар, иш берувчилар ва давлат манфаатларининг мувозанатини  таъминлаш ҳамда уларни  мувофиқлаштириш асосида  якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита  боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солади.

Семинарда сўз олган  Ўзбекистон ахборот технологиялари  ва оммавий коммуникация  ходимлари  касаба уюшмаси  Республика кенгаши  бош ҳуқуқ инспектори Абдувоҳид Ахмедов  кун тартибидаги  ушбу масала бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини баён этар экан, Меҳнат  кодексида  якка тартибдаги мехнатга оид муносабатларни  ҳуқуқий жихатдан тартибга солишнинг бир қатор   асосий принциплари,  ижтимоий шерикликни амалга ошириш тартиби, шунингдек, аҳолининг  ижтимоий эхтиёжманд тоифалари, оммавий равишда ишдан бўшатиш мезонлари аниқ-равшан кўрсатиб ўтилганлигини, шу боис  Меҳнат кодекси маълум маънода  барча иш берувчилар ва касаба уюшмаси фаоллари учун асосий дастуриламал бўлиши зарурлигини қайд этди.

Семинар кун тартибидаги  навбатдаги муҳим масала –Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги  қонунига  ҳамда амалдаги меъёрий ҳужжатларга мувофиқ ишлаб чиқариш корхоналарида бажарилиши лозим бўлган долзарб  вазифалар бўйича сўзга чиққан Ўзбекистон касаба уюшмалари  Федерацияси  Бухоро вилояти касаба уюшма ташкилотлари кенгаши  меҳнат техник инспектори  Ҳайитбек Барноев  ишлаб чиқаришдаги  бахтсиз ходисаларнинг олдини олишда иш берувчилар билан бирга касаба уюшма қўмиталари зиммасида ҳам жуда катта масъулият борлигини, мехнат ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилингандагина  келиб чиқиши мумкин бўлган нохуш ҳолларга батамом чек қўйилиши мумкинлигини таъкидлаб ўтди. Бу борадаги хаётий мисоллар, аниқ далиллар  тингловчилар эътиборига ҳавола этилди.

Тадбир якунида  ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганлигининг 34 йиллиги муносабати билан ҳам бир қатор фикр мулохазалар билдирилиб, вилоят АКМ  абонентлар бўлими мудири Маърифат Абдураҳмонованинг мавзу юзасидан маърузаси тингланди.

Семинар сўнгида иштирокчиларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоб қайтарилди.