Янги Меҳнат Кодекси: амалиёт, назария ва саволлар

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникациялар ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши пойтахтимизда жойлашган «IT-Park» ҳудудидаги «Ўзбектелеком» АК янги биносининг мажлислар залида жорий йилнинг 16 август куни видеоконференция алоқа тизими орқали ўқув-семинар ташкил этди.

Мазкур ўқув семинар шу йилнинг 30 апрелидан амалиётга жорий этилган Ўзбекистон Республикасининг янги Меҳнат Кодексига доир бўлиб, унга қаратилган нормалар касаба уюшмалари фаолиятида юзага келаётган муаммоларни хал этиш, ўзаро фикр алмашиш ва энг асосийси ҳуқуқий билимларни янада мустахкамлашга қаратилди.

Даставвал ўқув-семинар ишига модераторлик қилган Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Асрор Ишанходжаев, бугунги кунда биринчи навбатда ижтимоий шериклик асосида меҳнаткашларни ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, муносиб иш ўринларини яратиш, меҳнат муҳофазасини ва ёшларни бандлигини таъминлаш, ходимларга қулай ишлаб чиқариш муҳитини яратиш, ҳуқуқий, ижтимоий кафолатларни ва ижтимоий ҳимояни таъминлаш, маънавий-маърифий, интеллектуал салоҳиятни кўтариш борасида касаба уюшмалари томонидан олиб борилаётган ишларда кечаётган туб ўзгаришлар ҳақида сўз юритди.

Президентимизнинг 2022 йил 28 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонуни асосида тасдиқланган янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини ҳаётга тадбиқ этилиши, юқорида қайд этиб ўтилган вазифалар ижросини таъминлашга ўзгача ёндошувни талаб этиб, жойларда унинг мазмун-моҳияти юзасидан тарғибот ишларини янада кучайтириш талаб этилмоқда.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 16 боб, 581 моддани ўз ичига олди. Ҳужжатда бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш ҳусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқишни назарда тутувчи нормалар қўшилди. Айнан шу нормаларни ҳаётда самарали татбиқ этишда меҳнат бозори иштирокчилари, ишчи-ходимлар, иш берувчилар, иш изловчилар ҳамда ваколатли ташкилот ва идоралар масъулларига ҳужжатдаги моддаларнинг мазмун-моҳиятини содда, аниқ ва тўғри тушунтириш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Меҳнат бозорининг келажакдаги ривожи учун хизмат қиладиган янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси мамлакатимизда ижтимоий соҳа ва иқтисодиётни ривожлантириш, жумладан, инвестиция муҳитини яхшилаш борасида мамлакатимиз меҳнат қонунчилигини такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини белгиламоқда.

Ташкил этилган семинарда янги меҳнат кодексида ишга қабул қилиш босқичлари, ишга қабул қилиш чоғидаги таништириш тартиб-таомили, меҳнат шартномаси шартлари бўйича тарафларнинг келишувлари, ходимни ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ, ишга қабул қилиш ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш,  иш берувчилар ва давлат манфаатларининг мувозанатини таъминлаш,  меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш, меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш, меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик, меҳнат ҳуқуқлари таъминланишининг ва меҳнат мажбуриятлари бажарилишининг кафолатлари бўйича киритилган нормалар ҳақида  Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг бош юристконсульти Нормамат Саттаровдан батафсил маълумот тингланди.

Касаба уюшмалари фаолиятининг асосий вазифаларидан бири бу жойларда ходимлар учун муносиб меҳнат шароитини яратиш ва меҳнат муҳофазасини таъминлашга қаратилган.

Меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш, меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш, меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик, меҳнат ҳуқуқлари таъминланишининг ва меҳнат мажбуриятлари бажарилишининг кафолатланганлиги, ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўйилмаслиги, ходим билан иш берувчи ўртасидаги якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ҳақиқатда тартибга соладиган фуқаролик-ҳуқуқий ҳусусиятга эга шартномалар тузиш ҳақидаги бахс-музокаралар Ўзбекистон касаба уюшмалар Федерациясининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Нодира Гаибназарова иштирокчиларга ҳавола қилган  тақдимотига уланди.

Ҳусусан, иш берувчи ўз касбий ва ишчанлик сифатлари бўйича тегишли ишни бажариш учун зарур бўлган малака талабларига мувофиқ келадиган ходим билан тузиладиган меъёрий ҳужжатлар, ишга қабул қилиш чоғида ишга кираётган шахсдан Меҳнат кодексида, шунингдек бошқа қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилиш, масофадан ишлаш тартиби, меҳнатга ҳақ тўлаш, рағбатлантириш, мукофот пулларини ва меҳнат таътилларини бериш тартиблари юзасидан берилган саволларга жавоб берилди.

Семинар кун тартибидаги масаладан бири - ижтимоий шериклик, жамоа шартномалари ва келишувлари, жамоа шартномаларини тузиш, жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш, қабул қилинган жамоа шартномаларини рўйхатдан ўтказиш ва сақлаш, ижтимоий ҳимоя, бандликка кўмаклашиш, меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисида бўлиб, бу йўналишда Республика кенгашининг ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича бош мутахассиси Юнус Гапуров тақдимоти  тингланди.

Иштирокчилар диққатига хавола қилинган мазкур тақдимотда янги Меҳнат Кодексининг нормаларидан келиб чиққан ҳолда ижтимоий шериклик – яъни, ходимлар иш берувчилар, давлат органлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар тизими якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ҳамда улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солишга бағишланган бўлимида келтирилган имтиёзларга алоҳида урғу берилди.

Жумладан, ходимнинг шахсий маълумотларини фақатгина  ишчининг  ўзининг ёзма розилиги билангина тақдим этилиши, давлат томонидан аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча иш ўринларини, ихтисослаштирилган ташкилотларни, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахслар меҳнат қилиши учун ташкилотларни ташкил этиш, махсус қайта тайёрлаш ва малака ошириш дастурларини ташкил этиш, иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш каби қўшимча кафолатларни таъминлайдиган нормалар юзасидан тушунтириш берилди.

Мазкур семинарда иштирок этган сал кам 600га яқин тингловчиларнинг савол-жавоблари билан қизғин кечган ўқув машғулоти натижаси, норматив ҳуқуқий ҳужжатларини ҳисобга олган ҳолда ижтимоий муносабатларини тартибга солишдаги ҳуқуқий нормаларни жамлаган Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси эндиликда касаба уюшмаларининг фаолиятини самарадорлигини таъминлашда, ҳусусан ходимлар, иш берувчилар ва давлат манфаатларининг мутаносиблигини, индивидуал меҳнат ва у билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларини тартибга солишдаги дастурий амал сифати хизмат қилади.