"Ўзбекистон МТРК спартакиадаси" ойлиги

27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тизимидаги марказий телерадиоканаллар ва ташкилотларда фаолият юритаётган ходимлар иштирокида "Ўзбекистон МТРК спартакиадаси" ойлиги доирасида спортнининг бир нечта тури бўйича мусобақалар ташкил этилди.

Кўтаринки руҳда бошланган мусобақалар, шиддатли ўйинлар билан бир қаторда байрамона давом этгани билан алоҳида ажралиб турди.

Мусобақалар якунига кўра ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, бир қатор номинациялар ғолиблари аниқланди.

- Баскетбол 3х3 (Стритбол) спорт тури бўйича:

Аёллар ўртасидаги баҳсларда "Sport" телеканалининг жамоалари кучли учликни, эркаклар ўртасидаги мусобақада "Respublika teleradiomarkazi" ДМ жамоаси 1-ўринни, "O'zbekiston MTRK Mediamarkazi" ДМ жамоаси 2-ўринни ва "Madaniyat va ma'rifat" телеканали жамоаси 3-ўринни эгаллашди;

- Воллейбол спорт тури бўйича:

Аёллар ўртасидаги баҳсларда "O'zbekiston MTRK Mediamarkazi" аёллар жамоаси 3-ўринни, "Sport telekanali" аёллар жамоаси 2-ўринни қўлга киритган бўлса, натижалари юқори бўлган "Yoshlar teleradiokanali" аёллар жамоаси мусобақа ғолиби дея эътироф этилди;

Эркаклар ўртасидаги баҳсларда "Madaniyat va ma'rifat" телеканали ҳамда "Maxsus avtokorxona" жамоалари 3-ўринга лойиқ деб топилган бўлса, мусобақа финалида куч синашган "Sport" телеканали жамоаси 2-ўринни, "Yoshlar" телерадиоканали жамоаси эса 1-ўринни қўлга киритди.

Шунингдек, шахмат-шашка бўйича ҳамда Ўзбекистон МТРК, "Sport" телеканали ва Ўзбекистон Бадминтон федерацияси ҳамкорлигида спортнинг бадминтон тури бўйича мусобақалар бўлиб ўтди.

Кўтаринки кайфиятда ўтган мусобақаларда турли йўналишлар бўйича ғолиблар ва энг фаол иштирокчилар аниқланди. Энг муҳими спорт орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда тизимдаги барча ходимлар муносиб ҳисса қўшишди десак муболаға бўлмайди.

Барча мусобақалар касаба уюшма қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилди.