Болаларга зиё улашилди

Президентимиз 2021 йил 27 май куни “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, болалар гематологияси ва онкологияси соҳаси катталар шифохонасидан ажратилиб, алоҳида марказга айлантирилди. Бу муассаса учун барча талабларга жавоб берадиган янги замонавий бино қурилди ва жорий йилнинг январ ойида иш бошлади.

Болаларнинг даволаниши билан бирга таълим-тарбия ишларига ҳам катта эътибор қаратилди. Бу ерда “Замин” фонди кўмагида қуриб битказилган ва Халқ таълими  вазирлиги тасарруфидаги 40 ўринли мактаб, 30 ўринли боғча ташкил этилган. “Меҳрли мактаб” ва “Илк қадам” номли таълим-тарбия масканида болалар билим олиб, қизиқарли машғулотларни ўрганмоқда.

Жорий йилнинг 20 июнь куни Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари У.Шарифхўжаев ва “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи директори Т.Мухамадиев ушбу даволаш масканига ташриф буюриб, бу ерда даволанаётган ва таълим олаётган беморлар холидан хабар олишди. “Меҳрли мактаб”да таълим олаётган болалар учун ҳомийлик асосида “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида чоп этилган 400 номдаги 5000 нусхадан ортиқ турли мавзудаги ўзбек ва жаҳон адабиётининг болаларга аталган дурдона асарлари марказга совға қилинди. Китоб тўпламлари тарзидаги совғаларни “Меҳрли мактаб” директори Нигора Алимова “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи директори Тўлқин Мухамадиевдан қабул қилиб олди.

Китобдан яхши дўст йўқ дейдилар. Шу маънода даволанаётган ҳар бир бола билан суҳбат ўтказилиб, уларнинг тезроқ соғайиб кетиши ва тақдим этилган ҳамда ўзлари ёқтирган мавзудаги китобларни уйларига ҳам олиб кетишлари уқтирилди. Энг асосийси улар тезроқ соғайиб кетишлари ва келгусида Янги Ўзбекистоннинг муносиб бунёдкорлари бўлиб етишига тилаклар билдирилди. Суҳбат давомида болалар кўзларидаги қувноқлик, меҳр барчанинг кўнглига шодлик улашди.

Халқ таълими вазирлиги мазкур ташаббус учун “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйига миннатдорчилик билдирди.