АЁЛЛАРГА ПСИХОЛОГИК КЎМАК

“Аёлларда кечадиган стрессли ҳолатлар ва унинг ечимлари” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиалида аёллар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш ҳамда ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган чораларни белгилаш ва уларни самарали амалга оширилишини таъминлаш бўйича “Аёлларда кечадиган стрессли ҳолатлар ва унинг ечимлари” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди. Унда Самарқанд давлат тиббиёт институти психологлари Дилором Жўраева ҳамда Анора Сулаймоновалар  маъруза қилишди.

Психологлар таъкидича, инсон организмининг ҳаддан ташқари зўриқиши салбий эмоциялар ёки оддийгина зерикишга бўлган жавоб реакциясидир. Стресс чоғида инсон организми ечим излашга ундайдиган адреналин гормони ишлаб чиқаради. Кичик миқдордаги стресс ҳамма учун керак, чунки бу кишини фикрлашга, муаммодан чиқиш йўлини топишга ундайди, стресссиз ҳаёт зерикарли бўлар эди. Бошқа томондан, агар стресс жуда кўп бўлса, тана заифлашади, кучсизланади ва муаммоларни ҳал қилиш қобилиятини йўқотади.

Шунингдек, семинарда  стресс аломатлари, турлари, асаб тизими ҳолати, стресснинг олдини олиш ва даволаш, стрессга олиб келувчи омилга тўғридан-тўғри таъсир ўтказиш,  стрессли вазиятнинг асл сабаби нимада эканлигини аниқлаш, ушбу вазиятни ўзгартира олишни баҳолаш каби кўплаб фикрлар баён этилди. Стресс профилактикаси бўйича психолог маслаҳати, қулай иш шароитни яратувчи эҳтиёжлар бўйича ҳам фикр аламашдилар.

Бўлиб ўтган семинар-тренингни ташкил этишда филиал психологи Саодат Бердибекова, филиал хотин-қизлар бошланғич ташкилоти раиси Назокат Абдуллаева, ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими услубчиси Юлдуз Амонбоевалар алоҳида ўрнак кўрсатдилар.

– Бундай тадбирларни ўтказишдан мақсад аёлларимизни  ҳимоя қилиш, ҳуқуқларини кафолатлаш, ишсиз ёшлар ва хотин-қизларда мотивация ўйғотиб, касбий кўникмаларни шакллантириш, психологик, ҳуқуқий, тиббий ва молиявий кўмак бериш, – дейди  Саодат Бердибекова.