ТАТУ талабалари учун амалий машғулотлар

Амалий машғулот давомида талабаларга оптик толали алоқа линиялари тавсифларини аниқлашнинг замонавий ўлчаш усуллари намойиш этилди.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети битирувчи талабалари иштирокида “Ўзбектелеком” АК “Телекоммуникация ва персонални ривожлантириш маркази”да амалий машғулотлар ўтказилди.  “Метрологик таъминот ва замонавий телекоммуникация тармоқларида ўлчашлар” мавзусидаги машғулотлар доирасида талабалар малакали соҳа мутахассислари билан мулоқот қилиш ва телекоммуникация соҳасидаги билимларини янада бойитиш имконига эга бўлдилар.

Бугунги кунда тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини ўзлаштириш зарур.  Чунки ахборот технологиялари иқтисодиётнинг барча соҳаларида муҳим рол ўйнайди.   Мамлакатимизда рақамли иқтисодиётга фаол ўтиш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Бу жараёнда албатта ёш кадрлар,  уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш,  назарий ва амалий машғулотларни параллел равишда олиб бориш муҳим аҳамиятга эга.  Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ана шу масалага алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Тадбирда компания вакиллари томонидан талаба ёшларга соҳада амалга оширилаётган ишлар,  “Ўзбектелеком” АК ва унинг филиаллари,  хусусан “Телекоммуникация ва персонални ривожлантириш маркази” филиали фаолияти ҳақида маълумот берилди.  Амалий машғулотларда метрологик таъминот тушунчаси,  ўлчашларнинг ҳаётимиз ва алоқа соҳасида тутган ўрни ҳақида мулоҳаза юритилди,  ўзаро фикр алмашилди.

“Назариядан амалиётга” тамойили асосида уюштирилган тадбирнинг иккинчи қисмида телекоммуникация соҳасидаги янги билимларга чанқоқ ёшлар “Ўзбектелеком” компаниясининг замонавий ўлчаш воситалари ва қурилмалари билан жиҳозланган лабораторияси фаолияти билан танишиб,  у йерда ўтказиладиган ўлчаш жараёнларида бевосита иштирок этдилар.

Бу ерда Rohde & Shwarz, Iwatsu, Acterna, JDSU, Anritsu, HP каби жаҳоннинг етакчи компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган асбоб-ускуналарнинг қўлланилиш соҳаси,  техник тавсифлари ҳақида кенг тушунча берилди.  Юксак технологиялар ёрдамида тармоқда фойдаланилаётган ўлчаш воситаларининг қўллашга яроқлилиги бўйича хулоса берилиши айтиб ўтилди.  “Ўзстандарт” агентлиги томонидан ушбу лабораториянинг ноёблиги тан олиниб,  у халқаро стандартлар билан уйғунлаштирилган ҳолда аккредитациядан ўтказилган.

Амалий машғулот давомида талабаларга оптик толали алоқа линиялари тавсифларини аниқлашнинг замонавий ўлчаш усуллари намойиш этилди.

Давра суҳбатида Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг 3-йўналиши доирасида қилинаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди.