Касаба уюшмаси қўмиталарига амалий ёрдам

“Алоқа тарихи” музейида Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан амалий ўқув-семинари ташкил этилди.

Соҳанинг Тошкент шаҳридаги корхона ва ташкилотларида фаолият олиб бораётган 80дан зиёд бошланғич касаба уюшмаси қўмита раислари иштирок этган ушбу тадбирда 2019 йил 6 декабрда қабул қилинган “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонуннинг амалиётга татбиқи ҳамда навбатдаги ҳисобот-сайлов йиғилишларини қандай ташкил этиш ва ўтказиш масалалари муҳокама этилди.

– Тўққизта боб ва 56 моддадан иборат янги қонун ҳар бир ишчи-ходимнинг   ижтимоий меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини таъминлаш, шунингдек, касаба уюшмаларини тузиш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилгани билан аҳамиятлидир, – деди тадбирда Республика кенгаши бош юрисконсулти Абдувоҳид Аҳмедов. – Шунингдек, мазкур лойиҳани ишлаб чиқишда халқаро ҳуқуқий нормалар ва чет эл тажрибаси инобатга олинган. Касаба уюшмаларининг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, касаба уюшмалари органларини давлат рўйхатидан ўтказишни соддалаштириш, меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилишда асосий институтлардан бўлган меҳнат инспекцияларини қайта тиклаш, меҳнат соҳасида Ижтимоий шериклик ва Жамоатчилик назоратини амалга оширишни тартибга солувчи нормаларни қонуний мустаҳкамлаш каби мақсадлар мужассам. Эндиликдаги муҳим вазифа янги қонуннинг татбиқи, қолаверса, соҳа ходимларининг фаолиятига хизмат қилишида. 

Очиқ мулоқот тарзидаги семинарда ҳисобот-сайлов йиғилиши бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти фаолиятида муҳим ва катта воқеа эканлиги, унда ҳисобот давридаги фаолияти таҳлил қилиб чиқилиши, касаба уюшмаси аъзолари билан ҳамкорликда келгусида фаолиятни янада кучайтириш ва такомиллаштириш борасида яқин келажакка мўлжалланган устувор вазифалар белгилаб олинишига алоҳида эътибор қаратилди.

Бир ташкилот мисолида интерактив тарзда ташкил этилган йиғилиш  мисолида соҳа корхона ва ташкилот касаба уюшмалари раисларига ҳисобот-сайлов йиғилиши (конференция)га жиддий тайёргарлик кўриш, бу жараёнларга касаба уюшмаси ташкилотининг фаолларини ҳам кенг жалб этиш, ҳисобот-сайлов йиғилишини амалдаги меъёрий ҳужжатлар ва юқори касаба уюшмаси органлари қарорларига риоя этган ҳолда ўтказиш ва йиғилиш ҳужжатларини белгиланган  тартибда расмийлаштириш юзасидан керакли тавсиялар берилди.

Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мисоллар билан атрофлича жавоб қайтарилди. Қизғин баҳс-мунозараларга бой ўтган тадбир бошланғич касаба уюшмаси қўмита раисларига ҳисобот-сайлов йиғилишлари олдидан амалий ёрдам бўлиб хизмат қилади.