18 ноябрь – Ўзбекистон Давлат байроғи қабул қилинган кун

Бугунги кунимиз Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси А.Ишанходжаев ҳузурида давлатимиз рамзи бўлган байроғимиз қабул қилинган кунни нишонлаш билан бошланд.

 

Давлат рамзлари ҳамиша муқаддас ва ардоқли саналади. Боиси уларда севикли Ватаннинг сурати, меҳру таровати, халқнинг мардонавор ўтмиши, бугунги фидокорлиги ва истиқболи баралла намоён бўлади. Улардан бири Давлат байроғидир.

Жонажон Ўзбекистонимизнинг мовий, зангори, оппоқ рангларга уйқаш, ҳилол Ой ва кумуш юлдузлар жилоланиб турган байроғини мағрур ҳилпираб турганини ҳар гал кўрганда кўнгилда ажиб туйғулар уйғонади, фахру ихтихор вужудингни қучади.

Байроғимиздаги мовий ранг – тириклик мазмуни акс этган мангу осмон ва оби-ҳаёт рамзи. Тимсоллар тилида бу – яхшилик, донишмандлик, ҳалоллик, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради. Бинобарин, Амир Темур давлати байроғининг ранги ҳам мовий рангда эди.

Оқ ранг эса муқаддас тинчлик рамзи бўлиб, у кун чароғонлиги ва коинот ёритгичлари билан уйғунлашиб кетади. Оқ ранг – поклик, беғуборлик, софлик, орзу ва ҳаёллар тозалиги, ички гўзалликка интилишнинг тимсоли.

Яшил ранг – табиатнинг янгиланиш рамзи. У кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади.

Қизил чизиқлар бўлса вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларини англатади.

Навқирон ярим ой тасвири бизнинг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ. Айни пайтда у қўлга киритилган мустақиллигимиз рамзи ҳам.

Юлдузлар барча учун руҳий, илоҳий тимсол саналган. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғидаги ўн икки юлдуз тасвири ҳам тарихий анъаналаримиз, қадимги йилномамизга бевосита алоқадор. Бизнинг ўн икки юлдузга бўлган  эътиборимиз Ўзбекистон сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккурида нужум илми тараққий этганлиги билан ҳам изоҳланади.

Давлат байроғимиздаги ўн икки юлдуз тасвирини ўзбек халқи маданиятининг қадимийлиги, унинг комилликка, ўз тупроғида саодатга интилиши рамзи сифатида тушуниш лозим.

Байроғимиз, чинакам маънода, халқимизнинг асрий маданияти, урф-одатлари ва пок ислом динининг умуминсоний ғояларини   ўзида мужассамлаштирган.

Ана шу байроқ тимсолида она Ватаннинг мужассамлигини туйиб, ўзингни тетик, бардам ҳис қиласан, келажакка ишонч билан боқасан.

Ўзбекистонимиз истиқлолга эришгач, биз ўз байроғимизга эга бўлдик. 1991 йил 18 ноябрда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун бизга шундай фарахбахш ғурур ва сурур бағишлади. Айни кунларда байроғимиз қабул қилинганлигининг 28 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг тантана қилиняпти.

“Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуннинг 2-3-моддасида байроғимиз мамлакатимиз суверенитетининг рамзи эканлиги, халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлиши эътироф этилган. Ҳозир у жаҳоннинг турли нуқталарида мағрур ҳилпираб турибди. Айниқса, спорт ареналарида, миллий терма жамоаларимизнинг иштирокидаги халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида ҳамда нуфузли беллашувларда юртимиз спортчилари ғолиблик шоҳсупасида турганида байроғимизнинг баланд кўтарилиши қалбимизга фахр-ифтихор туйғуларини бахш этади, кўнглимизни тоғдек кўтаради.

Байроғимиз жонажон ўлкамиз дунёда халқаро ҳамжамиятнинг тенглар ичра тенг аъзоси эканлигини англатади ва ўзида миллий-маданий анъаналаримизни мужассамлаштиради. У бизнинг ғолиблигимиз, ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва асло кам бўлмаслигимизни яққол намоён қилади.

Демакки, байроғимиз бизнинг ғурур, ифтихоримиздир. Уни эъзозлаш эса фуқароларда ўзининг қадр-қимматига, ўз мамлакатига ва шахсига бўлган ишончни янада мустаҳкамлайди.

Байроғимизда юртимизнинг, халқимизнинг обрў-нуфузи юксаклигидан далолат берувчи рамзий тимсоллар мужассам. Шундай экан, сарбаланд қаддимиз ва қадримиз тимсолини ҳамиша эъзозлайлик ва бошимиз узра баланд кўтарайлик!

Республика кенгаши барча саҳа ходитмларини ушбу сана билан қизғин муборакбод этади. Она юртимиздаги тинчлик ва осудалик ҳеч қачон бизни тарк этмасин, байроғимиз баланд-баландларда Ўзбекистон деб аталмиш жаннатмакон юрт шаъни, шону шавкатидан дарак бериб ҳилпирайверсин!