САМАРҚАНДДА СОҲА КУБОГИ ҒОЛИБИ АНИҚЛАНДИ

Соҳа кубоги учун мини футбол (футзал) мусобақалари 2000 йилдан буён мунтазам ўтказиб келиняпти. Бу йилги финал босқичи ўйинларига 25—28 сентябр кунлари Самарқанд шаҳри мезбонлик қилди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар терма жамоалари ҳамда Тошкент шаҳридаги корхоналар жамоалари ўртасидаги саралаш ўйинлари ғолиблари — “Ўзбектелеком” АК ТШТТ филиали, АТ “Алоқабанк” ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети футзалчилари — жами 16 та жамоа республика финал босқичида қатнашиш учун қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳрига етиб келди.

Финал босқичи ўйинлари шаҳардаги “Спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби”да бўлиб ўтди.

Қуръага кўра, дастлаб майдонга Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент вилояти терма жамоаси тушди.

Умуман олганда, йиллар давомида ўтказиб келинаётган ушбу мусобақа янада шиддат ва шижоатга тўлгани, жамоалар ўртасида рақобатчилик маданияти анча шаклланганига гувоҳ бўлдик.

Натижаларга тўхталадиган бўлсак, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Самарқанд вилояти жамоалари учинчи ўрин билан кифояланди.

Финалгача етиб борган АТ “Алоқабанк” жамоаси иккинчи ўринни эгаллади.

Финал ғолиблиги ва кўчма кубок соҳа мусобақаларининг кўп карра ғолиби ТШТТ жамоасига яна бир бор насиб этди.

Самарқанд мусобақаларида “Энг ғалабага интилувчан жамоа”, “Энг интизомли жамоа”, “Энг аҳил жамоа” “Энг иродали жамоа” ҳамда бошқа қатор номинациялар ҳам топширилди.

Мусобақа ғолиби ва совриндорларига Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш  вазирлиги ҳамда соҳа касаба уюшмалари Республика кенгашининг тегишли даражадаги  диплом  ва  эсдалик совғалари  топширилди.

Тақдирлаш тадбирида Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси А.Ишанходжаев, Вазирликнинг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Н.Эшназаров ва вилоятдаги соҳа корхоналари раҳбарлари иштирок этишди.