УНУТИЛМАС ҚУВОНЧ

“Алоқачи” оромгоҳида спорт мусобақалари ташкил этилди

“Ўзбектелеком” АК “Тошкент шаҳар телефон тармоғи” филиали томонидан меҳнаткашлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш, олис ва чекка ҳудудларда, мураккаб иқлим шароитида меҳнат қилаётган ходимлар фарзандларини ёз мавсумида соғломлаштириш масканларида дам олишларини ташкил этиш ишлари изчил олиб борилмоқда.

Хусусан, болажонларнинг ёзги мавсумини мазмунли ташкил этиш мақсадида Бухоро вилоятида жойлашган компания тасарруфидаги “Ёш алоқачи”, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидаги “Алоқачи” оромгоҳлари тарқатма материаллар, услубий қўлланмалар, шиорлар тўплами, буклет ва эслатмалар, плакатлар билан таъминланди. Болаларни ёши, эҳтиёжи ва қизиқишларини инобтага олган ҳолда турли хил тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди, кутубхоналар янги китоб, журнал ҳамда жаҳон ва ўзбек халқ эртаклари, ҳикоялари билан бойитилди. Шу билан бирга, дам олувчи болалар ўртасида спорт мусобақаларини миллий анъаналаримизга асосланган ўйин ва мусобақалар асосида ташкил этиш, маданий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари, қизиқарли учрашувлар ҳамда танловлар ўтказиш борасида алоҳида режалар белгилаб олинди.

Яқинда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган “Алоқачи” оромгоҳида ана шундай тадбирлардан бири ташкил этилди. Тадбир эрта тонгда оромгоҳнинг учинчи навбатида дам олаётган 455 нафар боланинг энг чаққон ва энг зукколаридан иборат гуруҳлар ўртасидаги спорт мусобақаларининг “Қувноқ эстафета”си билан бошланди. Мусобақалар футбол, шахмат, шашка, баскетбол беллашувларида авжига чиқди. Айниқса, суз ҳавзасидаги беллашув болажонлар қувончига қувонч қўшди.

Энг қувончлиси, мусобақаларда иштирок этган юз нафарга яқин болажонлар филиал касаба уюшмаси кўмитаси ҳамда Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг махсус савғалари билан рағбатлантирилди.

Кечки томон тўрт юздан зиёд болалар иштирокида спорт олимпиадаси ёпилишига бағишланган шоу-концерт, иштирокчиларга билдирилган самимий тилаклар ҳамда ғолибликни қўлга киритган отрядларга топширилган дипломлар, эсдалик совғалари болаларга унутилмас қувонч бахш этди.