Ҳомийлик ёрдами кўрсатилди

1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни энг қувончли байрам сифатида бутун дунё бўйлаб кенг нишонланади. Навқирон авлоднинг камолоти йўлида ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиш, уларнинг ижодий –интелектуал салоҳиятини юксалтириш, ижтимоий холати, миллатидан қатъи назар, болаларнинг эзгу орзулари ижобати йўлида кенг имкониятлар эшигини очиб бериш давлатимиз сиёсатининг уствор йўналишларидан бирига айланган.

Аслида ўсиб келаётган ёш авлодни ҳимоя қилиш замирида ҳаётни, унинг давомийлигини асраб-авайлаш моҳияти ётади. Улар тўғрисидаги ҳар қандай ғамхўрлик эса юрт равнақи учун қўйилаётган мустаҳкам пойдевор демакдир. Бугун эртамиз эгаларига кўрсатилаётган эътибор келажакда уларнинг Ватанига садоқатли, жисмонан ва маънан баркамол бўлиб етишишида муҳим омил ҳисобланади.

Шу кунга қадар юртимизда вояга етмаганларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни кўзда тутувчи  қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, болаларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш, уларни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, мустақиллигимиз ва тинчлигимизга раҳна солувчи ҳаракатларга қарши тарғибот-ташвиқот ишларини йил бўйи манзилли ташкил этишда ҳамда миллий қадрият ва урф-одатларни ёш авлод онгига сингдиришда касаба уюшмаларининг фаол иштироки таъминланмоқда.

Болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун қулай шарт-шароит яратиш, қизиқишлари бўйича тўғри йўналтириш, спортга жалб қилиш, соғломлаштириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилнинг 30 май куни Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг 2019 йилга мўлжалланган ўзаро ҳамкорлик ва ижтимоий шериклик бўйича қўшма тадбирлар режасига асосан "1-июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш” куни муносабати билан Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар “Болалар шаҳарчаси”га ташриф амалга оширилди.

Мазкур ташриф жараёнида Республика кенгаши бош мутахассиси Юнус Гапуров, ёшлар масалалари бўйича раис маслаҳатчиси Мирвохид Хайдаров, Вазирликнинг Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Баходир Хидиров ва “Ўзбектелеком” АК Сирдарё филиали директори Рустам Абдуматовлар “Болалар шаҳарчаси” тарбияланувчиларини байрам билан табриклаб, болаларга мўлжалланган адабий, тасаввурни кенгайтирувчи ҳамда чет тилларини ўрганишга ёрдам берувчи китоблар тақдим этди.

Биз бир нарсани унутмаслигимиз керак. Ўзбек халқи азал-азалдан болажон халқдир. Юртимизнинг қайси бир гўшасига борманг, болаларга кўрсатилаётган ғамхўрликларнинг гувохи бўласиз.

Фарзандлар кўзидаги қувончни кўриб, қалбингизга фахр ва ғурурга тўлади. Ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялашда, уларн турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилишда ҳамда миллий қадриятларни ёш авлод онгига сингдиришда касаба уюшмалари харакатлари доимий бўлади.