Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган “Энг фаол ёш ишчи касб эгаси” республика танловида 16 ёшдан 25 ёшгача бўлган ёш ишчи мутахассислар ҳамда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари қатнашди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри мусобақалари (2-босқич) ғолиблари пойтахтда ўтган якуний босқичда “Бизнес учун дастурий ечимлар” номинацияси ғолиблиги учун куч синашди.
“Энг фаол ёш ишчи касб эгаси” республика танлови касб эгаларининг ҳар томонлама етук мутахассис сифатида камол топишга интилишларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ўзаро тажриба алмашишларига замин яратиши билан ҳам муҳим тадбирлардан бири бўлди.
Танловнинг финал мусобақаларига Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети мезбонлик қилди.
Танлов Низомига кўра республика босқичи амалий синов тарзида ўтказилиб, ғолиблар аниқланди.
Ҳакамлар ҳайъатининг қарорига кўра Навоий давлат педагогика институти ахборот технологияларини жорий этиш ва ахборот хавфсизлиги бўлими тизимли дастурловчиси Ғолибжон Халимов биринчи, Мухаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Қарши филиали Компьютер инжиниринги факультети “Дастурий инжиниринг” кафедраси ассистенти Акбар Бахриддинов иккинчи ҳамда “Ўзбектелеком” АК Хоразм филиали Маълумотлар узатиш тармоғини бошқариш бўлими муҳандиси Темур Авезов учинчи ўринни қўлга киритди.
Тантанали тақдирлаш маросимида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ректори Тўлқин Тешабоев, Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Асрор Ишанходжаев ҳамда соҳа корхона-ташкилотлари раҳбарлари қатнашди.